Глобал муаммоларнинг оқилона ечими бор

10:16 25 Ноябрь 2020 Сиёсат
225 0

Биз ягона тарихга эгамиз. Бугунимиз яқин дўстлик, қон-қардошлик ва мустаҳкам ҳамкорлик ришталари билан боғланган. Умумий келажагимиз бор. Барқарор ривожланиш ҳамда тараққиёт йўлида юксак мақсадларни кўзлаяпмиз.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон. Марказий Осиё тақдири ва истиқболини ана шу беш мамлакат белгилайди. Ҳаммаси ўртадаги мавжуд муаммоларнинг бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳал этилишига боғлиқ. Аммо кўп йиллар муроса йўли танланмади. Оқибатда минтақа давлатлари орасида айрим низо ҳамда қарама-қаршиликлар авж олди. Айниқса, сув ва транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини делимитация қилиш ҳамда чегара пунктларини кесиб ўтиш масалаларида келишмовчиликлар юзага келди.

Хуллас, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, 25 йил ичида ўртада улкан «музқоялар» ҳосил бўлаверди.

Тасаввур қилинг, бири-бирига қўшни беш маҳалла аҳли ўзаро муроса қила олмаса, қандай вазият юзага келиши мумкин? Қуда-анда, қон-қариндош бўлган бу одамлар, эҳтимол, маълум муддат юз кўришмас, саломлашишмас, ҳатто. Аммо бири сабзавот, бири мева-чева, яна бири дон-дун етиштирадиган, бошқаси эса кийим-кечак тикадиган бу маҳаллалар аҳли олди-берди, ўзаро савдо-сотиқсиз яшаши мумкинми?

Ана шу жиҳатдан минтақа мамлакатлари ўртасидаги баъзи келишмовчиликлар, аввало, уларнинг иқтисодиётига жиддий путур етказганини англаш учун анча вақт йўқотилди.

Ниҳоят, бундан уч йил аввал бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида сиёсий мулоқот мустаҳкамлана бошлади. Дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари яна қайтадан жонланди.

Шу тариқа Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий интеграцияси кучайиши учун кенг йўл очилди.

«Музқоялар» эрий бошлади

Марказий Осиё — катта минтақа, Ер шарининг муҳим геостратегик нуқтаси. 4 миллион квадрат километр майдонни эгаллаган. Ҳудуди, табиий салоҳияти бўйича ҳам дунёда муносиб ўринга эга. Хом ашё ресурсларига бой. Жаҳон бўйича аниқланган нефть, газ, олтин, уран каби қазилма бойликларнинг сезиларли қисми шу ерда жойлашган.

БМТ маълумотларига кўра, 2020 йил бошида Марказий Осиё аҳолиси қарийб 75 миллион кишиларни ташкил қилган. Бунда Ўзбекистоннинг улуши 45, Қозоғистоннинг ҳиссаси 25, Тожикистонники 13, Қирғизистон ва Туркманистонники 8,5 фоизга тенг.

Шу билан бирга, минтақа давлатларининг ҳар бирида ўзига хос ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд. Ҳар бири турли даражада ялпи ички маҳсулот, ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларига эга. Улар орасида Ўзбекистон ўзига хос мавқе касб этади. Яъни юртимиз давлатларни геосиёсий жиҳатдан бирлаштиради.

Қувонарли жиҳати, кейинги уч-тўрт йил ичида Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларида кўплаб масалалар қайтадан кўриб чиқилишига тўғри келди. Бу даврда Ўзбекистон Президенти саъй-ҳаракатлари туфайли минтақа мамлакатлари билан юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Натижада бундай юксак сиёсий мулоқотлар чоғида Марказий Осиё мамлакатлари учун ўзаро манфаатли бўлган глобал масалалар — хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестиция, маданият ва экология соҳалари бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Натижалар эса ўзингизга маълум.

Жумладан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда 5 баробар ўсди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар билан олтмишга яқин чегара-ўтиш пунктларининг тўлақонли фаолияти таъминланди, визалар бекор қилинди. Ишбилармонлик ва ҳудудлараро алоқалар, транспорт қатновлари, маданий-гуманитар алмашинувлар амалга оширилди.

Бунинг самараси ўлароқ ўтган йили Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси хизматлардан ташқари 5,4 миллиард АҚШ долларига етиб, унда Қозоғистоннинг улуши 63, Қирғизистон ҳиссаси 14, Афғонистонники 8,5, Туркманистонники 8,2 ва Тожикистонники 6,3 фоизни ташкил этди.

Бундай кўрсаткичларга эришишда 2017 йили юртимизда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси муҳим аҳамият касб этганлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Муроса учун майдон

Глобал масалаларга оқилона ечим топиш учун, аввало, бирдамлик зарур. Минтақамизнинг беш мамлакати бошини қовуштириш борасидаги ташаббусни эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз қўлига олди. Бунинг учун катта сиёсий майдон, таъбир жоиз бўлса, муроса минбари керак эди. Айни шу нуқтада давлатимиз раҳбари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Натижада ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва минтақанинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятларни излаш борасида муҳим платформа яратилди.

Биринчи Маслаҳат учрашуви 2018 йилнинг 15 март куни Остонада ташкил этилди. Унда минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Иккинчи Маслаҳат учрашуви эса 2019 йилнинг 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Мазкур саммит кун тартибидан савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олди. Якунда учрашув иштирокчилари томонидан Қўшма баёнот қабул қилиниб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни конструктив ривожлантириш, минтақанинг бой иқтисодий ҳамда инсон салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, иқтисодий ривожланиш истиқболларини кенгайтириш ва барқарорлаштириш каби долзарб вазифалар қамраб олинди.

Давлатимиз раҳбари учрашув иштирокчиларини ўзаро ҳамкорликнинг асосий мақсад ва тамойилларини келишиб олишга, инсон, капитал, товар ҳамда хизматларнинг ҳаракати, шунингдек, кенг маданий-гуманитар алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиб бериш, Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик ва шерикликни мустаҳкамлашнинг амалий механизмларини шакллантириш ҳамда йўлга қўйишга чақирди.

Салоҳият бор, имконият бор — ҳаракат зарур

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти — энг катта сиёсий минбар. Бу ерда глобал масалалар муҳокама этилади. Халқаро аҳамиятга молик гаплар айтилади. Давлат раҳбарларининг ана шу минбардан билдирган асосли ва ўринли хулосаю таклифлари келгусида муҳим резолюцияларда ўз аксини топиши мумкин.

Шу маънода, жорий йилнинг 23 сентябри биз учун тарихий кун бўлди. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб, қатор глобал таклифларни ўртага ташлади. Шулардан бири Марказий Осиёнинг иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш билан боғлиқ. Яъни давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф этди.

Хўш, бунга қандай зарурат бор эди? Умуман, иқтисодий интеграцияни шакллантириш эҳтиёжини яна қандай омиллар билан изоҳлаш мумкин?

Гап шундаки, минтақамиз бўйлаб табиий ва меҳнат ресурслари нотекис тақсимланган. Аммо беш мамлакат ҳудудида исталган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун хом ашё ва ресурслар мавжуд. Шундай экан, зарур технология ҳамда ўзаро мутаносиб йўлга қўйилган кооперация шароитида дунёнинг бошқа минтақалари билан рақобатлаша оладиган кучга айланишимиз мумкин.

Транспорт ва транзит йўлакларида минтақа мамлакатлари ўртасида йўловчи ҳамда юк оқимларини мақбуллаштириш сезиларли даражада Марказий Осиёнинг транспорт инфратузилмаси қанчалик жадал ривожланишига боғлиқ. Бу ўринда эса ҳал қилинмаган масалалар бор. Мультимодал ташишлар, логистика, божхона, экспедиторлик ва бошқа хизмат даражасининг пастлиги шулар сирасидан. Боз устига, контейнерда ташишлар улуши ривожланган мамлакатларга қиёслаганда анча паст. Бу қисман «харажатлар+фойда» формуласи бўйича индексацияланадиган юқори транспорт тарифлари билан изоҳланади. Тариф сиёсати кичик ҳамда ўрта компаниялар — юк жўнатувчилар ва юк экспортчиларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилмаганлиги минтақа темир йўлларининг самарадорлиги пастлигига сабаб бўлади.

Афғонистон бизга бегона эмас

Афғонистон асрлар давомида мамлакатимизнинг энг яқин қўшниларидан биридир. Ўзбек ва афғон халқлари ўзаро биродардир ҳамда бу азалдан ўз исботини топиб келган.

Ўзбекистон тинчлик ўрнатиш бўйича сиёсий музокаралар афғон можаросининг барча иштирокчиси, мамлакатнинг ҳамма партиялари ва ҳаракатлари, этник гуруҳларни қамраб олиши кераклиги бўйича қатъий позиция тарафдоридир. Айнан Тошкент конференциясидан сўнг бу йўналишдаги халқаро саъй-ҳаракатлар сезиларли тарзда фаоллашди.

Афғонистон муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг яна диққат марказига тушди. Афғонистон бўйича тузилган «Кобул жараёни», «Осиё юраги», «Истанбул жараёни», «Москва формати», «Халқаро мулоқот гуруҳи» ва «ШҲТ — Афғонистон мулоқот гуруҳи» каби бошқа кўп томонлама тузилмалар фаолияти ҳам янги изчиллик касб этди.

Яқинда эса давлатимиз раҳбари томонидан Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисми эканлиги эътироф этилди. Чунки ушбу давлатда иқтисодий хавфсизлик ва барқарорлик таъминланиши Марказий Осиё минтақасининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тезкор барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлари мамлакатимиз тўғридан-тўғри афғонлараро музокараларни йўлга қўйиш бўйича сиёсий жараённинг ажралмас қисмига айланишига олиб келди.

Табиийки, Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани қайта тиклаш ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу мақсадда Афғонистонда транспорт ва логистика, энергетика, савдо ҳамда таълим соҳаларида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар орасида Ўзбекистон томонидан бунёд этилаётган Сурхон — Пули-Хумри электр линияси, Термиз шаҳрида очилган афғон фуқароларини ўқитиш бўйича таълим маркази, божхона терминалига эга «Термиз-карго» логистика маркази, Мозори-Шариф — Ҳирот темир йўли қурилиши лойиҳаси бор. Бундан ташқари, Марказий Осиё — Эрон — Уммон трансконтинентал транспорт-коммуникация лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ҳамиша дўст афғон халқига ёрдам қўлини чўзиш тарафдори. Бу нафақат ҳурмат белгиси, балки унинг бугун Марказий Осиё ва дунёда рўй бераётган жараёнлардаги алоҳида роли эътирофи ҳамдир.

Стратегик мақсадларга эришиш мумкин

Марказий Осиё давлатлари иқтисодий интеграциясини таъминлаш — ўта муҳим жараён. Бунга эришиш учун, назаримда, қуйидаги стратегик вазифаларни амалга ошириш талаб этилади.

Биринчидан, минтақа давлатларининг турли соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантиришда интеграцион платформалардан энг мақбулини танлаш мақсадга мувофиқ. Бунда товарлар, капитал, ишчи кучининг мамлакатлараро ҳаракати йўлидаги тўсиқларнинг камайтирилиши ёки тўлиқ бартараф қилиниши ҳамда ўзаро -хизмат даражасини янада ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Иккинчидан, ҳозирги коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистонда аграр бозорни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қўшни давлатлар билан ҳамкорликни манфаатлар асосида йўлга қўйиш зарур. Чунки алоҳида ҳукуматлар ўз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қатор озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан вақтинчалик чекловлар ўрнатишяпти. Бу эса Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти билан боғлиқ мураккабликларни келтириб чиқармоқда.

Учинчидан, Марказий Осиёда транспорт-логистика хизматларини кўрсатишда рақобатни кучайтириш ва монополияга барҳам бериш, транспорт тизимини рақамлаштириш натижасида транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтиришга қаратилган стратегияни ишлаб чиқиш лозим. Бунда Ўзбекистон Республикаси орқали транзит тарифларни ўрганиш ва чегирмалар бериш, шунингдек, давлатлар билан товарларни транзит ташиш бўйича олдиндан ахборот алмашишни йўлга қўйиш муҳим.

Тўртинчидан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ташқи савдо айланмаси балансини мувозанатлаш шарт. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида Қозоғистон ва Туркманистон билан ташқи савдо айланмаси баланси салбий ҳолатга эга. Шунинг учун ушбу давлатларнинг ички бозори, импорт тузилмасини чуқур таҳлил қилиш ҳамда товарлар позицияларини аниқлаш орқали Ўзбекистоннинг экспортини мустаҳкамлаб қўйиш лозим. Юқори қўшилган қиймат товарлари экспортини ошириш ҳисобидан хом ашё ресурс товарларини қисқартиришга ҳам эҳтиёж катта.

Бешинчидан, Ўзбекистонга импорт қилинаётган хом ашё ресурсларини маҳаллий корхоналаримизда қайта ишлашни ривожлантириш даркор. Бинобарин, маҳаллий саноат корхоналаримиз ўртасида рақобат муҳитини ривожлантириш ишларини давом эттириш натижасида уларнинг рақобатбардошлигини ошириш мамлакат экспорт салоҳиятини кўтаради.

Шу билан бирга, Марказий Осиёда иқтисодий интеграция жараёнларини рағбатлантирувчи асосий омиллардан бири — миллий иқтисодиёт очиқлик даражасининг ошиши, яъни мамлакатлар ўртасида ташқи савдо айланмасини аниқ ифодалаш ва ҳамкорлик имкониятларини барчага очиқлаб бориш минтақа салоҳиятининг юксалишига хизмат қилади.

Эркин НИГМАНОВ,
ДБҚнинг Божхона институти
И
қтисодий фанлар кафедраси бошлиғи,
иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?