Гид–ҳамроҳнинг сони эмас, сози керак

12:02 10 Июнь 2025 Жамият
54 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Меҳнат фахрийларидан бирининг эътиборини қадимий Арк қалъаси олдида хорижий сайёҳларга гид – ҳамроҳлик қилаётган йигитчанинг сўзлари ўзига тортди. У русийзабон меҳмоннинг «Бу қалъанинг ёши нечада?» деган саволига ҳеч иккиланмай «Қалъа XVII асрда барпо қилинган» дея жавоб берса бўладими?

Бу кичик бир воқеанинг давомини кейинга сурайликда юртимиз, жумладан Бухорога сайёҳларнинг қизиқиши нечоғли ошиб бораётгани ҳақида қисқача тўхталайлик. Ўтган йилда вилоятга 1 миллион 745 минг 200 нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу 2023 йилдагига нисбатан салкам 400 минг нафарга кўп. 74 та янги жойлаштириш воситаси яъни меҳмонхона, хостел, оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди. Бу кўрсатгич 2023 йилдагига нисбатан 111,6 фоизга ошган. Шу билан бирга республикамиз ҳудудларидан 4 миллион 10 минг нафар киши Бухорога сайёҳ сифатида келди. Ваҳоланки, 2023 йилда маҳаллий туристлар сони 3 миллион 490 минг нафарни ташкил этганди.

Бу рақамларни келтиришимиз бежиз эмас. Туризм ривожланган сари янги иш ўринлари юзага келмоқда. Соҳа иқтисодиётнинг муҳим бўғинига айланиб боряпти. Дейлик, ўтган йилда вилоятда хорижий сайёҳларга кўрсатилган хизматлар орқали туризм экспорти 436,3 миллион АҚШ долларига етказилди. Туризм ва унга ёндош соҳаларда 71 минг нафардан зиёд аҳоли бандлиги таъминланди. Эътиборлиси, жорий йилнинг январь – апрель ойлари оралиғида 3 917 та янги иш ўрни яратилди. Натижада бугунги кунда сайёҳлик ва унга ёндош тармоқларда ишлаётганлар сони 77 минг нафардан ошди. Улар қаторида гид–ҳамроҳлар ҳам бор, албатта. Гап шундаки, сайёҳлар оқими кўпайган сайин гид–ҳамроҳларга ҳам эҳтиёж ошгани кузатиляпти.

Вилоятда бундай кадрларни тайёрлаш билан «Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Бухоро вилоят маркази» масъулияти чекланган жамияти ва «МАРОСИМ ТРАВEЛ» МЧЖ қошидаги «Сафари мастер» маркази шуғулланмоқда. Чунончи, вилоят туризм бошқармаси маълумотларига қараганда, «МАРОСИМ ТРАВEЛ» МЧЖнинг махсус ўқув дастурлари асосида 6 ойлик ўқув курсини тамомлаган 35 нафар гид-экскурсоводга 2025 йилнинг 21 февраль куни «Экскурсия хизматларини ташкил этиш» дипломлари топширилди. Натижада вилоятда фаолият юритаётган гид-экскурсоводлар сони 385 нафарга етди.

— Бизда бўлғуси гид–ҳамроҳлар шартнома асосида 6 ой муддатга ўқитилади, — дейди «Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Бухоро вилоят маркази» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Собиржон Рўзиев. — Шундан сўнг уларга тегишли диплом берилади. Ёрлиқ эса Туризм қўмитаси қошидаги туризмни ривожлантириш институтидан уч йил муддатга олинади.

Суҳбатдошимизнинг билдиришича, талабгорларга илгари олий маълумотли бўлиш шарти қўйилган. Ҳозир техникумларни тугатган кадрларни ҳам қайта тайёрлашга рухсат берилган.

— Гид–ҳамроҳ шунчаки таржимон эмас, у — етакчи, — давом этади С. Рўзиев. — Бу касб эгаси бошқа миллат вакилларига халқимизнинг бой тарихи, маданияти, урф-одатларини таништиради. Шундан келиб чиқиб, ақли расо, соғлом, маданиятли кишиларни қайта тайёрловга қабул қиламиз. Гид–ҳамроҳларга айрим тавсияларимиз ҳам бор. Улар иш фаолиятларида фақат «Буюк Ипак йўли» билан боғланиб қолмасликлари зарур. Ижодий ёндашув керак. Дейлик, қадимий обидалардаги кошинлар мазмун-моҳиятини билишса асло зиён қилмайди. Гастрономик йўналишда масалан, бухороча софи ошни тайёрлаш жараёнини кўрсатиб бериш ҳам хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади. Чунки турист ўзининг уйида йўқ нарсани кўрмоқ, қадимий шаҳарларимиздан баҳра олмоқ учун юртимизга келади. Агар гид–ҳамроҳ ишга ижодий ёндашса одатдагидан икки-уч ҳисса кўп маош ишлаб топади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гулчеҳра Ҳамидова катта тажрибага эга гид–экскурсавод саналади. Ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиб ишлаётган, кўплаб ёшларнинг устози саналган бу юртдошимизнинг ёш ҳамкасбларига йўл-йўриқ, маслаҳат, зарурат туғилганида дакки беришга маънавий ҳаққи бор.

— Гид — ҳамроҳ кадрларни қайта тайёрлаётган марказ ташаббускорларига раҳмат, — дейди у. — Лекин фикримча, бу соҳага нуқул пул ишлаб топиш воситаси сифатида қарамаслик зарур. Асл касби ошпаз ёки ҳайдовчи бўлган кишиларнинг ҳам гид–ҳамроҳлик қилаётганини кўриб турибмиз. Гид–ҳамроҳ аввало бу – эл – юртнинг юзи. У она–юртини севадиган, билимли, дунёқараши кенг, ўз устида ишлайдиган, касбига масъулият билан ёндашадиган маданиятли киши бўлиши мақсадга мувофиқ. Буни алоҳида таъкидлашимнинг боиси бор. Хорижий сайёҳларга қўлида тамаки тутган ҳолда ҳамроҳлик қилаётганларни ҳам, агросаноатдан сўз очилганида «колхоз», «совхоз» дея аллақачон ўтмишда қолган тузилмаларни тилга олаётганларни ҳам онда-сонда бўлсада учратаяпмиз. Демоқчиманки, гид-экскурсаводларнинг сони эмас, сози керак.

Қолаверса, республикамизнинг турли ҳудудларидан келиб туристларга ҳамроҳлик қилаётган гидлар бор. Уларнинг Бухоро тарихи, маданияти, этнографияси, зиёрат одоби, маҳаллий урф-одатларга оид билими, тушунчаси қай даражада? Бошқа ҳудудлардан келаётган гидларнинг малакасини ошириш ҳақида ким ўйлайди? Бу масалага ҳам жиддий ёндашиш мавриди келди.

Дарҳақиқат, ҳамроҳлик қилаётган кишининг билими, муомаласи, диди, ўзини тутишига қараб хорижий сайёҳда юртимиз ҳақидаги дастлабки тасаввур юзага келади. Ўзбекистон, Бухоро, Самарқанд, Тошкент дейилганида беихтиёр унинг кўз ўнгида аввало гид — ҳамроҳ гавдаланади. Шукрки, шу масъулиятни ҳис этиб ишлаётган соҳа вакиллари кўп.

— Бизга Феруз исмли юртдошингиз гид таржимонлик қилмоқда, — дейди қозоғистонлик меҳмонлардан бири Енглик Сержанова. — Жуда билимли экан. Бухоро тарихи билан боғлиқ воқеаларни таъсирчан сўзлар билан ҳикоя қилиб бермоқда. Менда у тарих, маданиятга дахлдор ҳамма нарсани биладиган киши сифатида таассурот қолдирди.

Вилоят туризм бошқармаси маълумотига қараганда, яқинда Ўзбекистон Республикаси гидлар уюшмасининг вилоят бўлинмаси ташкил этилди. Асосий мақсад гид-экскурсоводлар учун доимий мулоқот, тажриба алмашиш ҳамда тажрибали ва ёш гид-экскурсоводлар ўртасида «устоз-шогирд мулоқоти» майдончасини яратишдан иборатдир. Ўйлаймизки, бўлинма юқорида тилга олинган масалалар билан жиддий шуғулланади.

Энди мақоламиз бошида тилга олганимиз – хижолатомуз ҳолат ҳақида. Тарихдан яхши хабардор меҳнат фахрийси дарҳол гид–ҳамроҳнинг хатосини тузатиб, Арк қўрғонининг барпо этилган даври археологлар хулосасига кўра, милоддан аввалги IV асрга бориб тақалишини айтди. Шунда гидлик қилаётган йигитча «Худди шундай. Арк жуда бой тарихга эга», деганча вазиятдан чиқиб кетди. Лекин унинг бошқа бир тарихий обида тўғрисида ҳам шундай хато маълумот тақдим этмаслигига ким кафолат беради?

Ҳа, бизга эндиликда эл-юртнинг юз-кўзи саналган гид–ҳамроҳ кадрларнинг сони эмас, сифатлиси, халқона тил билан айтганда, сози керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?