Германияда ўқиш ва ишлаш учун ўқув курслари фаолият кўрсатмоқда

11:20 26 Февраль 2025 Жамият
174 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 27 июнда қабул қилинган «Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Учкўприк туманининг учта ҳудудида хорижий тилларни ўқитиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Айни жараёнда тумандаги касб-ҳунар мактабларида хорижий тиллар, хусусан, немис тилини ўқитиш марказлари ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад хорижда ўқиш ва ишлаш қонуний асосда бўлишига эришиш, хавфсиз ва тартибли миграцияни амалга оширишга қаратилган.

Ёшлар ишлари агентлигининг Учкўприк тумани бўлими масъуллари хабар беришича, бугунги кунда мазкур ўқув курслари сертификатини олиш орқали Германияда ўқиш ва ишлаш мақсадида 150 нафарга яқин йигит-қизлар ўқимоқда. Ўқув курслари харажатлари «Ёшлар жамғармаси» маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Шу тарзда жорий йилда 100 нафар ёшларни ўқиш ва ишлаш учун Германияга жўнатиш назарда тутилган.

— Ҳозирда таълим муассасасида ташкил этилган ўқув марказида айнан немис тилини ўрганиш учун 70 нафар ўғил-қизлар таҳсил оляпти, — дейди Учкўприк туманидаги 1-сон политехникуми раҳбари Юсуфжон Арслонов. — Бу йил дуал таълим тизими асосида 400 нафар ёшларни ҳам ўқитиш режалаштирилмоқда.

Техникум битирувчиларига камида иккита касб ва хорижий тилларни ўргатиш учун IT, электр энергияси, қуёш панеллари муҳандиси, пайвандчилик, тикувчилик каби йўналишларда жаҳон меҳнат бозорида рақобатдош мутахассислар тайёрлаш борасида амалий саъй-ҳаракатларга киришилди.

Айтиш жоиз, ўтган йили таълим муассасаси жамоаси «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида 1 миллиард 360 миллион сўм маблағни қўлга киритиб, 10 га яқин устахоналар ва ўқув хоналари замонавий мезонлар асосида энг сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?