Германияда «Чиқинди полицияси» бўлинмалари иш бошлади

10:46 07 Ноябрь 2025 Дунё
323 0

Германиянинг Хайльбронн шаҳрида ноқонуний ахлат ташлашга қарши курашиш учун янги бўлинма ташкил этилди. Бу ҳақида BILD нашри хабар берди.

Унда айтилишича, «Чиқинди полицияси» ходимлари кундузи ва тунда ҳам узлуксиз фаолият олиб боради. Улар махсус формалар ҳамда фуқаролик кийимларида хизмат олиб боришлари мумкин бўлади.

Маълум қилинишича, ушбу бўлинмага тергов ўтказиш, ташлаб кетилган буюмлар асосида айбдорларни қидириш ва қоидабузарларни воқеа жойида ҳибсга олиш ваколатлари берилган. Шунингдек, ходимларга қарши қонунбузарлар томонидан тажовузкор хатти-ҳаракатлар содир бўлган тақдирда уларга қарши махсус қалампир пуркагич воситаси билан қаршилик қилишлари мумкин бўлади.

«Бизнинг ходимларимиз шаҳар қиёфасини бузадиган масалаларга, масалан, ноқонуний чиқинди ташлашга эътибор қаратадилар. Ушбу лойиҳанинг мақсади тозаликка бўлган муносабатни онгли равишда шакллантиришдир», — дейди Хайльбронн шаҳар ҳокимияти вакили.

Бундан ташқари, расмийлар маҳаллий аҳоли вакилларини ҳам шаҳарни тозалашда фаол иштирок этишга чорламоқда. Улар қоидабузарларни кўрганда махсус «Mangelmelder» онлайн платформаси орқали хабар беришлари мумкин.

Ушбу янги бўлинма икки йил давомида тест режимида ишлаши маълум қилинган. Тажриба муваффақиятли амалга ошса, Германиянинг бошқа шаҳарларида ҳам «Чиқинди полицияси» бўлимлари ташкил этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?