Германия ҳукумати вакиллари Ватанпарвар ташкилоти фаолияти билан танишди

16:17 03 Август 2023 Жамият
1073 0

Германия Федератив Республикаси Ички ишлар ва ватан вазирлиги ҳузуридаги миграция масалалари бўйича ҳукумат махсус вакили Ёахим Штамп бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи Ватанпарвар ташкилоти Тошкент шаҳар кенгаши тасарруфидаги Чилонзор тумани Ўқув спорт техника клубига ташриф буюрди.

Учрашув мобайнида делегация азолари Ватанпарвар ташкилоти тизимида техник касб мутахассислари, жумладан, турли тоифаларда автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш жараёни, мавжуд моддий-техник база ва ўқув дастурлари ҳамда ҳайдовчилик касбини пухта ўргатишга қаратилган инновацион технологияларни кўздан кечирдилар.

Мақсад Германияга ҳайдовчилик бўйича ишга борадиган ўзбекистонликларнинг ушбу касбга тайёрланиш жараёнини ўрганиш ҳисобланади. Негаки ҳозирда мамлакатимизда асосан Д ва Е тоифалари бўйича ҳайдовчиларга талаб юқори. Бундан ташқари, Европада ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонликлар ўзларининг анчайин интизомлилиги билан ажралиб туришига гувоҳ бўлдик, деди жумладан Германия ҳукумати махсус вакили Ёахим Штамп Ватанпарвар ташкилоти масул ходимлари билан учрашуви чоғида.

Шу кунларда Германия Федератив Республикаси Ички ишлар ва ватан вазирлиги ҳузуридаги миграция масалалари бўйича ҳукумат махсус вакили Ёахим Штамп бошчилигида делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Делегация вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўртасида Германияда ишлаш истагини билдирган фуқароларимизга немис тилини ўргатиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, Германияда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасини очиш каби йўналишларда музокаралар олиб борилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?