Ғазони эгаллаб олиш режаси ҳал қилувчи босқичга етиб келди — Нетаньяҳу

13:53 03 Сентябр 2025 Дунё
524 0

Кеча, 2 сентябрь куни Исроилнинг Ғазодаги аҳоли зич жойлашган ҳудудлари, жумладан, бир неча кундан буён ҳужум остида бўлган Ал-Сабра маҳалласига қилган ҳужумлари оқибатида камида 105 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.

Унда айтилишича, Исроил ҳужуми натижасида ҳалок бўлганларнинг камида 32 нафари ёрдам тарқатиш пунктларига борган маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган. Таъкидланишича, халқаро огоҳлантиришларга қарамай Исроилнинг Ғазога қилаётган босқинлари кун сайин кучайиб бормоқда.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг маълум қилишича, Ғазо шаҳрини эгаллаб олиш режаси ҳал қилувчи босқичга етиб келган.

«Al Jazeera» мухбири Ҳинд Кҳударининг айтишича, Ғазо марказидаги Дайр ал-Балаҳ ҳудуди маҳаллий аҳоли учун қафасга айланган.

«Ҳудуд аҳолиси иложи борича ҳаво ҳужумларидан омон қолишга ҳаракат қилмоқда. Улар қаерга кўчиб борса, Исроилнинг ҳаво ҳужумлари уларни кузатиб боради. Кўпчилик озиқ-овқат танқислиги ҳамда ҳудуднинг тўлиқ блокада қилингани туфайли ўлимга рўбарў келмоқда», — дейди Кҳудари.

Сўнгги маълумотларга кўра, охирги 24 соат ичида камида 13 нафар фаластинлик очликдан ҳалок бўлган. Уруш бошланганидан бери очлик туфайли қурбон бўлганларнинг умумий сони 361 нафарга етган.

Сешанба куни ҳалок бўлганлар орасида камида 21 киши, жумладан, 7 нафар бола Ғазо жанубидаги Хон-Юнис ҳудудида сув олиш учун навбатда турган вақтда Исроил дронлари томонидан нишонга олинган.

Ғазо ҳукумати матбуот хизмати Исроилнинг мазкур ҳужумларини халқаро ҳуқуқ бўйича уруш жинояти деб атаб, БМТ Хавфсизлик кенгашини ушбу шафқатсиз геноцидни тўхтатишга чақирган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазога қилган босқинлари оқибатида камида 63 минг 633 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. 160 минг 914 киши эса турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохоналарга ётқизилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер