Ғазода ҳалок бўлганлар сони 30 мингдан ошди — ЖССТ

13:52 29 Февраль 2024 Дунё
178 0

Фото: AFP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 30 мингдан ошгани, ҳалок бўлганларнинг аксарияти аёллар ва болалар эканлигини маълум қилди.

“Ғазода ҳалок бўлганлар сони 30 мингдан ошди, уларнинг аксарияти аёллар ва болалар”, — дейди ЖССТ раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, яна 70 минг киши тан жароҳати олган. ЖССТ раҳбари ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот манбаларини очиқламаган.

Фаластиннинг БМТдаги доимий кузатувчиси Риёд Мансур Хавфсизлик кенгашининг қуролли можароларда тинч аҳолини ҳимоя қилишга бағишланган йиғилишида таъкидлашича, ҳозирда Ғазода очарчилик ҳукм сурмоқда ва у Исроилнинг давом этаётган “жиноий тажовуз”и туфайли кундан-кунга кучайиб бормоқда

“Биз бир зум тўхтаб, бу аслида нимани англатишини ўйлаб кўришимиз керак”, дейди Риёд Мансур.

Шу ўринда у Исроилни Ғазода яшовчи 2,3 миллион фаластинликни жамоавий жазолаш учун атайлаб яратилган “бу инсоний ва гуманитар фалокатнинг меъмори” деб айблади.

Риёд Мансур халқаро ҳамжамиятнинг ҳаракатсизлигидан хавотир билдириб, “бу ҳалокатли очарчилик ва геноциднинг содир бўлишига ва узоқ вақт давом этишига йўл қўйилгани нафақат ҳамма учун, балки Хавфсизлик Кенгаши учун ҳам уятдир”, деди.

Ғазо секторидаги вазият 2023 йилнинг 7 октябрь куни кескинлашди. Бунга Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти томонидан эълон қилинган “Ал-Ақсо тўфони” операцияси доирасида Исроил ҳудудига юзлаб ракеталар учирилгани сабаб бўлди. Шундан сўнг ташкилот жангчилари Исроил жанубидаги чегара ҳудудларига кириб, у ерда ҳам ҳарбий, ҳам тинч аҳолига қарата ўт очган, шунингдек, 200 дан ортиқ одамни гаровга олган.

Исроил расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, ушбу ҳужум оқибатида тахминан 1,2 минг киши ҳалок бўлган, бу рақам тинч аҳоли, аскарлар, чет эл фуқароларини ўз ичига олади. Шунингдек, 5 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.

Бунга жавобан Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторида ҲАМАСга қарши “Темир қиличлар” операциясини бошлади. Бир неча кун ичида исроиллик ҳарбийлар Ғазо билан чегара яқинидаги барча аҳоли пунктларини назорат остига олди ва чизиқдаги нишонларга, жумладан, тинч аҳолига ҳаво ҳужумларини бошлади. Ўтган йилнинг октябрь ойининг охирида Исроилнинг анклавдаги операциясининг қуруқлик босқичи бошланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер