Гаждумакда оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланишга топширилди

11:10 14 Февраль 2025 Жамият
269 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ғиждувон туманидаги Гаждумак қишлоғи аҳоли турмуш даражаси юқорилиги билан ажралиб туради. Магистраль ёқасидаги мазкур гўшада ўнлаб савдо, маиший хизмат, умумий овқатланиш шохобчалари жойлашган. Шаҳарча қиёфасини олган Гаждумакда бўлганлар «Бу ерда анқонинг уруғидан бўлак ҳамма нарса бор», деган хулосага келиши тайин.

Яқинда қишлоқда тиббий хизмат даражасини ҳам ошириш мақсадида оилавий поликлиниканинг замонавий биноси қурилиб фойдаланишга топширилди. Бунинг учун 3 миллиард 300 миллион сўм миқдорида сармоя сарфланди. 100 қатновга мўлжалланган шифо масканида беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, ўз навбатида соҳа ходимлари зиммасидаги вазифаларини рисоладагидек бажариши учун зарур барча қулайликлар яратилган.

— Поликлиниканинг янги биноси қишлоғимизга узукка кўз қўйгандек ярашиб тушди, — дейди меҳнат фахрийси Ҳаким Ражабов. — Аввалги биноси маънан эскирган ва аҳоли сони кўпайиб, тиббий хизматга эҳтиёж ошаётган шароитда талабга жавоб бермай қўйганди. Унинг Гаждумак ва ён-атрофдаги қишлоқларда яшовчилар учун қулай ерда барпо этилгани ҳам айни муддао бўлди.

Таъкидлаш керакки, хайрли иш давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 18 сентябридаги «Ислом тараққиёт банки ва ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида бажарилди. Ушбу ҳамкорлик дастури асосида вилоятда яна 22 та худди шундай тиббий маскан биносини қуриш кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?