Гаждумакда ҳам ер ости йўли қуриладими?
Фото: Халқ сўзи
Бундан бир неча ўн йил муқаддам Бухорода иккита ер ости йўли барпо қилинган эди. Бири вилоят марказининг аҳоли тилида «Вокзал» деб аталувчи қисмида, иккинчиси эса Бухоро тумани маркази Галаосиёда. Аммо вақт ўтиши билан бу икки иншоот қаровсизлик, эътиборсизлик балосига гирифтор бўлди. Улардан фойдаланмай қўя қолишди.
Лекин давр ўзгара борди. Аҳоли сони кўпайди. Автотранспорт оқими кучайди. Йўллар тирбанд. Йўловчилар хавфсизлиги долзарб бўлиб қолди. Шундан келиб чиқиб, «Самарқанд – Бухоро – Туркманбоши» автомобиль йўлининг 264 – километрида, аниқроғи, «Карвон» буюм бозори олдида ер ости йўли қуришга қарор қилинди. Бу юмуш поёнига етар – етмас мазкур автомобиль йўлининг 262- километрида ҳам шундай иншоот барпо этишга киришилди. Намунавий лойиҳадаги ва кўп қаватли уйлар қад ростлаган Работак аҳоли пунктида яшовчилар учун бу айни муддао бўлди. Чунки ҳудудда яшовчи ўғил-қизлар таҳсил олаётган мактаб серқатнов йўлнинг нариги томонида жойлашган. Узунлиги 34 метрни, эни 4 метрни ташкил этувчи ер ости ўтиш йўлининг ишга туширилиши улар ҳамда йўловчиларнинг ўз манзилларига бехавотир етиб олишларига имкон яратади.
— Вилоятимизда йўловчилар хавфсизлигини ўйлаб, шундай иншоотлар барпо қилинаётганидан хурсандмиз, албатта, — дейди Ғиждувон туманидаги «Оқгул» маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Қаюм Зарипов. — Негаки, бу кўплаб кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олади. Мана, биз яшаётган Гаждумакни олиб қаранг. «Самарқанд – Бухоро – Туркманбоши» автомобиль йўли ёқасида жойлашган қишлоғимизда аҳоли жуда тиғиз яшайди. Иккита мактаб, мактабгача таълим муассасаси, хусусий ўқув марказлари, кўплаб савдо шохобчалари, ошхоналар ва бошқа инфратузилма объектлари бор. Болаларимиз катта ва серқатнов йўлни кесиб ўтиб, мактабга қатнашади. Аҳолининг кўп қисми шу йўл орқали туман маркази ёки Бухоро шаҳрига бориб келади. Шуларни инобатга олган ҳолда Гаждумакда ҳам ер ости ўтиш йўли қурилса, яхши бўлур эди.
Чиндан ҳам Гаждумак ва ён – атрофдаги қишлоқларда ўн мингдан зиёд аҳоли яшайди. Магистраль йўлда эса автомобиллар тирбанд. Тўғри, аҳоли пунктидан ўтиш қисмида тезликни пасайтириш йўл белгилари ва ҳатто светафор ҳам ўрнатилган. Бироқ гаждумакликлар таъкидлаганидек, ер ости ўтиш йўли хавфсиз ва ҳар томонлама қулай. Уларнинг бу таклифлари мутасаддилар томонидан эътиборсиз қолдирилмайди, деган умиддамиз.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг