Гарварднинг 50 нафарга яқин магистрант, докторант ва тадқиқотчилари Ўзбекистонга келди

11:42 18 Март 2025 Жамият
189 0

Шу кунларда юртимизга Гарвард университети делегациясининг таълим, туризм ва маданий ташрифи ўтмоқда. Делегация университетнинг 46 нафардан зиёд магистрант, докторант ва тадқиқотчиларидан иборат. Улар орасида ўзбекистонлик магистрлар Беҳзод Алиханов ва Жаҳонгир Саъдиев ҳам бор. Куни кеча делегация аъзолари пойтахтимизда эҳтиром билан кутиб олиндилар.

Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда Гарвард мактабини ташкил қилиш, иқтидорли ёшларни мақсадли тайёрлаш ва дунёнинг мазкур энг нуфузли олийгоҳига кириш имкониятларини ошириш, замонавий билимларни эгаллаб, ватанимиз равнақига ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлишларига кенг йўл очиш вазифалари илгари сурилган эди. Мазкур ташриф ўзбекистонлик мутахассисларни Гарвард университетида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, илмий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, илмий алмашинув ва малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда давлат хизматчилари учун мастер-класслар ташкил қилиш каби ҳамкорлик истиқболларига ҳам эътибор қаратиш мақсадида ташкил этилди.

Ушбу ташриф давомида Гарвард ва Халқаро Нордик университети ҳамкорликда илмий лойиҳалар тайёрлаш, ўзаро алмашинув дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилади.

Делегация аъзолари дастлаб Ҳазрати Имом ансамблига ташриф буюришди. Ҳазрати Имом масжиди, Бароқхон мадрасаси ва Тилла Шайх масжиди, шунингдек, миллий ўзлигимиз, илм-фан, таълим ва маданият тимсоли сифатида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишди. Меҳмонларга ислом дунёсининг улуғ олимлари ҳаёти, илмий фаолиятлари ва мероси ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Гарвардчиларнинг Ўзбекистон билан танишув сафарлари қадимий Бухоро шаҳрида давом этмоқда. Кўҳна кентга ташриф давомида делегация аъзолари Лаби Ҳовуз ва афсонавий миллий қаҳрамон Хўжа Насриддин Афанди ҳайкали, ҳовузнинг шарқий қисмидаги Нодир Девонбеги мадрасаси, шимолий қисмидаги Кўкалдош мадрасаси билан танишди. Улуғвор Пойи Калон меъморий ансамбли ва ундаги Мир Араб ва Амир Олимхон мадрасалари, Болои Ҳовуз мажмуаси билан танишув хорижий делегация аъзоларида катта ҳайрат уйғотди. Шунингдек, меҳмонлар Чашмаи Айюб меъморий ёдгорлиги, 10 аср давомида сақланиб келаётган Исмоил Сомоний мақбарасига ҳам ташриф буюрдилар. Бухоронинг обидалари, ёдгорликлари, меъморчилик дурдоналари, зиёратгоҳлари, кўҳна деворлари, гавжум савдо расталари ўзининг қадимий тарихи ва сирлилиги билан гарвардчиларни ўзига мафтун қилмоқда. Саёҳат давомида Шарқнинг сеҳрли муҳитини яқиндан ҳис қилмоқдалар.

Делегация аъзоларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси билан учрашуви, Янги Ўзбекистон университетига ташрифи ҳам кўзда тутилмоқда.

Делегация аъзолари Халқаро Нордик университетида ташкил этилиши режалаштирилган Наврўз байрами расмий тадбирларида ҳам иштирок этадилар, юртимиз қадриятлари, маданиятидан баҳраманд бўладилар.

Жон Гарвард номи билан аталган Гарвард АҚШдаги энг қадимий олий таълим муассасаси ва дунёдаги энг нуфузли хусусий тадқиқот университетидир.

Кембриж шаҳрида жойлашган, дунёда фақатгина энг яхши, энг салоҳиятли ёшлар кира оладиган мазкур олийгоҳда ижтимоий, табиий, юридик фанлар, тиббиёт, педагогика, муҳандислик ва бошқа соҳалар бўйича мутахассислар тайёрланади. Дунёдаги энг йирик академик кутубхона тизимига эга. Университетда Нобел совриндорлари, Фанлар академияси аъзолари фаолият юритади. Ташриф давомида мазкур нуфузли олийгоҳ фаолияти ва тажрибалари борасида академик маълумотларга эга бўлинади, ахборотлар, тажрибалар алмашилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?