Гарвард яна 60 миллион долларлик грантлардан маҳрум қилиниши мумкин

15:50 20 Май 2025 Дунё
160 0

Фото: Reuters

АҚШнинг Соғлиқни сақлаш ва Инсон хизматлари департаменти Гарвард университетига ажратилган 60 миллион долларлик федерал грантларни тўхтатишини эълон қилди. Бу нуфузли олийгоҳ ва президент Дональд Трамп ҳокимияти ўртасидаги антисемитизм, президентлик назорати ва академик эркинлик чегаралари ҳақидаги тортишувни янада кучайтирди.

Трамп ва АҚШдаги айрим консервативлар Гарвард ва бошқа университетларни узоқ вақтдан бери «чап қанот» қарашларини тарғиб қилишда ва «ўнг қанот» фикрларини бостиришда айблаб келадилар.

«Департамент Гарвард университетининг антисемитик таҳдидлар ва ирқий камситишларга қарши чора кўришдаги муваффақиятсизлиги сабабли 60 миллион доллар бўлган маблағларни бекор қилмоқда», – дейилади душанба куни Х ижтимоий тармоғига жойланган баёнотда.

Баёнотда айтилишича, университет ҳудудида камситишга йўл қўйилмайди ва федерал маблағлар барча талабаларни ҳимоя қила оладиган муассасаларга ажратилиши керак.

Трамп ҳокимияти илгари ҳам Гарвард университетига ажратилган 2,2 миллиард доллардан ортиқ федерал грантларни бекор қилган эди.

«Гарвард энди давлат томонидан молиялаштириладиган муассаса бўлмайди, бунинг ўрнига хусусий маблағларга таянади, бой битирувчилари орқали маблағ йиғади», — деган эди Таълим вазири Линда Макмэн жорий ой бошида университетга ёзган хатида.

Гарвард ҳокимиятни судга берди. Университет молиявий маблағлар бекор қилиниши АҚШ Конституциясининг Биринчи тузатмаси ва федерал қонунларга зид эканини таъкидлади. Бу қонун президентга солиқлар бўйича текширувлар бошланиши ёки тўхтатилишини тўғридан-тўғри ёки билвосита буюришни тақиқлайди.

Президент ва Гарвард ўртасидаги можаро март ойида бошланган. Ўшанда Трамп мамлакат бўйлаб охирги бир йил ичида Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишлар ўтказилган йирик олий ўқув юртларига янги қоидалар жорий этмоқчи бўлган эди.

Трамп бундай намойишларни «ноқонуний» деб атаган ва қатнашчиларни антисемитизмда айблаган, аммо талабалар Ғазодаги урушда геноцид хавфи борлигини таъкидлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?