Ғалаба хушхабарини келтирган ўзбек учувчиси

09:16 09 Май 2024 Жамият
309 0

Архив сурат

Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалаба, сохта тарихларда келтирилгани каби, бир ёки бир нечта халқларнинггина эмас, балки бутун инсониятнинг улкан музаффарияти эди. Бу ғалабада собиқ иттифоқ таркибидаги барча республикалар ва халқларнинг, шу жумладан, ўзбекларнинг ҳам бемисл ҳиссаси бор. Аммо ана шу тарих ҳақиқатини шўро замонасида бўлганидек ҳозирги кунларимизда ҳам бузиб кўрсатишга бўлган уринишлар тез-тез кўзга ташланиб туради.

Масалан, халқимизнинг оловли йиллардаги буюк хизмати атайлаб камроқ қилиб кўрсатилган, қаҳрамон боболаримизнинг номлари рўйхатлардан тушириб қолдирилган. Буни биринчи ўзбек учувчиси Абдусамат Тайметовнинг тарихий хизматлари бўлган муносабат мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу ўзбек йигити то урушгача кўплаб йигит-қизларни учувчиликка ўргатади. Унинг уруш давридаги қаҳрамонликлари ва жасорати эса ҳар қандай инсоннинг ҳаётини безайдиган даражада ранг-барангдир.

Абдусамат Тайметов 1944 йил давомида 109 та жанговар парвозни амалга оширади. Булар шунчаки парвозлар эмас, балки фронт чизиғини кесиб ўтиб, душман орқасидаги партизанларга озиқ-овқат ва қурол-яроғ етказиб берган ёки разведкачиларни душман орқасига етказиб қўйган. Бу парвозларнинг барчаси тунда амалга оширилганлигини ҳисобга олсак, ўзбек учувчиси қанчалик уқув ва малакага эга бўлганлигини тасаввур этиш қийин эмас.

«Uzbekistan Airways» АЖ маълумотларига кўра, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши фронтларида Ўзбекистондан 2500 нафар авиатор қатнашган.

Абдусамат Тайметовнинг номини мангуликка муҳрлаган яна бир воқеа борки, буни келгуси авлодлар ҳам фахр билан тилга оладилар.

Гап 1945 йил 9 майда бўлган тарихий воқеа ҳақида бормоқда. Ўша куни ўзбекистонлик учувчи Aбдусамат Тайметов Ли-2 самолёти экипажи таркибида мағлуб бўлган Берлиндан фашистлар Германиясининг сўзсиз таслим бўлганлиги тўғрисидаги актни, штандартлар, Ғалаба байроғи ва нишонини Москвага етказиб келади.

Ўша йили журналистлар билан бўлган суҳбатда учувчи воқеалар давомини шундай эслайди: «…тонгда ҳарбий транспорт самолёти Москвадаги аэродромга қўнди. Тарихий юк Олий Бош қўмондоннинг вакилига топширилди. Ўша пайтда эрталаб соат тўрт эди...”

«Ўзбек учувчиси Абдусамат Тайметов 1945 йилда Берлиндан Москвага фашистлар Германияси мағлуб бўлгани ҳақидаги актни келтирган самолётни бошқарган эди», Андрей Литвинов, ўзбек учувчиси.

Ушбу воқеа ўта махфий топшириқлар тофасига кириши мумкин. Аммо бу бир инсоннинг улкан хизматларини кўмиб ташлаш кераклигини англатмайдику. Энг ёмони, бундай муносабат узоқ давом этади.

Аниқ айтадиган бўлсак, ғалабадан сўнг сал кам 35 йил ўтиб, яъни 1979 йил май ойида «Смена» газетасида Aбдусамат Тайметов ҳақида мақола берилади ва унда сўз юритилаётган тарихий воқеа ҳам эслаб ўтилади.

«1979 йил май ойида «Смена» журналида Владислав Монаховнинг Aбдусамат Тайметович Тайметов ҳақидаги катта мақоласи чоп этилган. Унда ўзбек учувчисининг Украинадаги партизан отрядлари қўмондони Сидор Ковпак билан учрашуви ҳақидаги хотиралари ҳам баён этилган», Сергей Левченко, «Народное слово» газетаси мухбири.

Баъзи тарихчилар айтганидек, балки учувчининг ўзи халқимизга хос бўлган камтаринлик билан Берлиндан Москвага бўлган тарихий парвозни ҳеч қаерда эслатмагандир.

Балки, учувчининг ўзбек миллатига мансублиги ушбу воқеанинг бир қадар унутилишига сабаб бўлгандир. Негаки, айрим шовинист сиёсатчи ва тарихчилар томонидан бошқа халқлар хизматларини атайлаб камситиб кўрсатиш ҳозирга қадар давом этаётганлигини кўриб турибмизку.

Балки, ўша давр махсус хизматлари мазкур воқеани ҳар жойда ҳуда-беҳуда тилга олмасликни яхшилаб тушунтириб қўйгандир.

Балки…

Янаям ким билсин…

Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?