Футзал. Гуруҳ ғолиблигини ҳал қилувчи ўйин: Ўзбекистон – Қирғизистон

13:29 24 Сентябр 2025 Спорт
125 0

Шу кунларда Осиё қитъаси бўйлаб келгуси йили Индонезияда бўлиб ўтадиган футзал бўйича Осиё чемпионати мусобақасининг саралаш ўйинлари бўлиб ўтмоқда.

“F” гуруҳида иштирок этаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни вақтда 6 очко ва +12 тўплар нисбати билан гуруҳда пешқадам бўлиб турибди. Бугун Нодир Элибўев шогирдлари саралашнинг ҳал қилувчи ўйинида иштирок этади. Рақиб эса саралашнинг “F” гуруҳига мезбонлик қилаётган Қирғиз Республикаси терма жамоаси.

Қуйида рақиб ҳақида батафсил маълумот берамиз:

Қирғиз Республикаси миллий терма жамоаси Осиё қитъасининг етакчи жамоалари сафидан ўрин олган. Жаҳон тасниф жадвалида жамоа айни пайтда 42-ўринни эгаллаб турибди.

Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери спортнинг футзал турини ривожлантиришга катта эътибор бериб келмоқда. Мамлакат миллий терма жамоаси 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, дастлабки халқаро учрашувини 1999 йилнинг 5 мартида Сингапур термасига қарши ўтказган ва 9:5 ҳисобига ғалаба қозонган. Уларнинг энг йирик ҳисобдаги ғалабаси 2006 йилнинг 10 феврал санасига тўғри келади. Ўшанда қирғизистонликлар Гуамни 14:0 ҳисобига доғда қолдиришган. Энг йирик мағлубиятини эса 1999 йилда Эрон терма жамоасидан қабул қилиб олган – 0:21.

Осиё чемпионатларида 1999 йилдан буён қатнашиб келади. Финал раундига 14 марта чиқишга муваффақ бўлган. Энг яхши натижаси бронза медали. 2005 йили Вьетнамда ўтказилган Осиё кубогида Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси терма жамоалари ярим финалларда имкониятни Эрон ва Японияга бой берган. 3-ўрин учун ўйин ўтказилмаган ва ҳар икки жамоага бронза медаллари берилган. 2006, 2007 йилги Осиё кубокларида эса 3-ўрин учун баҳсда имкониятни бой берган. Бу йиллар Қирғиз Республикаси футзалининг энг гуллаган даври эди.

2022 йилги Осиё кубогининг саралаш баҳсларидан ўта олмай, биринчи марта қитъа чемпионатини ўтказиб юборган. 2023 йилда терма жамоага испаниялик мутахассис Луис Бернат Молина бош мураббий этиб тайинланди. Мутахассис терма таркибида авлодлар алмашинуви жараёнини муваффақиятли амалга оширди. Қирғиз Республикаси терма жамоаси 2024 йили Осиё чемпионатига қайтди. Гуруҳ баҳсларидан муваффақиятли ўтиб, нимчорак финалда Эронга 1:6 ҳисобига ютқазиб қўйди. Айни вақтга келиб Луис Бернат Молина “Барселона“ футзал клуби мураббийлар штабидан жой олди. Шу боис мазкур саралаш баҳслари якунлангач, Молина Қирғиз Республикаси терма жамоасини тарк этади ва Каталонияга йўл олади.

Қирғиз Республикаси терма жамоаси Осиё кубогида 72 учрашувда майдонга тушган. Уларнинг 30 тасида ғалаба, 12 тасида дуранг, 30 та баҳсда эса мағлубият қайд этилган. Жамоа 16 марта мусобақанинг финал босқичида қатнашган. Умумий киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи – 224:264, -40. Жамғарилган очколар – 102.

Ўзбекистон терма жамоаси билан халқаро майдонларда 15 марта куч синашган бўлиб, фақатгина 1 та ўйинда ғалаба қозонган. 2 та учрашувда дуранг натижа қайд этилган. 12 та учрашув Ўзбекистон терма жамоасининг ғалабаси билан интиҳо топган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?