Маст ҳолда автомобиль бошқариб, инсон умрига зомин бўлган участка нозири қамоққа олинди

Фарғона вилояти Фурқат туманида маст ҳолда автомобил бошқарган участка нозири 63 ёшли фуқарони уриб ўлдирди. Бу ҳақда Kun.uz маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил 16 сентябрь куни соат 19:15 ларда туманнинг Бекобод маҳалласи ҳудудида Кармак маҳалласи участка нозири Зафар Қўшматов “Matiz” русусмли машинада ҳаракатланиб, велосипедда кетаётган 63 ёшли Нўмонжон Аҳмедовни уриб юборган. Жабрланувчи оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Гувоҳлар ва марҳум яқинларининг айтишича, ҳайдовчи биринчи ёрдам кўрсатмасдан ҳодиса жойидан қочиб кетган. Кейинчалик Қўшматов уйига бориб, отасига воқеани айтган ва отаси бошқа қариндоши билан бирга марҳумни шифохонага олиб борган. Улар шифокорларга фуқарони йўлдан ҳушсиз ҳолда топиб олганини билдирган.
“Отам Нўмонжон Аҳмедов 63 ёшда эди. Пахта қабул қилиш пунктида 42 йилдан бери ишларди. 16 сентябр уйда бирга кечки овқат едик. Тахминан соат 19:15 ларда отам велосипедини миниб ишига чиқиб кетди. Кетаётганда қўшни маҳаллада участка нозири бўлиб ишловчи Зафар Қўшматов Matiz машинасида маст ҳолатда отамнинг орқасидан келиб урган. Энг алам қилгани биринчи ёрдам кўрсатмай қочиб кетган. Ичиб олиб машина бошқаргани ҳақида барча далиллар бор. Буни ўзи ҳам тан олди”, — деди марҳумнинг ўғли Шерзод Аҳмедов.
Марҳумнинг турмуш ўртоғи Шарифа Аҳмедова ҳам қонун олдида адолат талаб қилди:
“Наҳотки ички ишлар ходими маст ҳолда машина бошқарса? ИИБ ходими бошқаларга ўрнак бўлмайдими? Турмуш ўртоғимга биринчи ёрдам кўрсатмаганини эшитиб кечира олмаяпмиз. Бўлган воқеага чидай олмаяпмиз. Турмуш ўртоғим ҳалол меҳнат билан 4 ўғил, 1 қизни вояга етказиб ўстирди. Уйли-жойли қилди. Энди уларнинг роҳатини кўраман деганида шундай кўнгилсиз воқеа бўлиб турибди. Маст ҳолда машина бошқарган ИИБ ходими қонун олдида жазосини олсин”, — деди у.
Фурқат тумани тиббиёт бирлашмаси травматологи Абдумалик Эрматовнинг айтишича, марҳум шифохонага биологик ўлик ҳолатда олиб келинган:
“Марҳумнинг оғиз-бурнида қотган қонлар бўлган. Чап қўлининг кафти ички соҳасида, бош энса тепа соҳаларида урилган-шилинган жароҳатлари бўлган. Кўкрак олди соҳаси, орқа соҳаларида ўлим доғлари бўлган. Марҳумни олиб келган шахс беморни йўлдан топиб олдим, йўлда ётган экан деб айтган шифокорларга. Кейинчалик эса марҳум ЙТҲ оқибатида вафот этган маълум бўлди”, — деди шифокор.
Фарғона вилояти прокуратурасига кўра, айбланувчи Зафар Қўшматовга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг