«Фуқаролик жамияти ҳафталиги» барча йўналишда фаолликни уйғотди

11:52 06 Декабрь 2025 Жамият
536 0

Якунланган ҳафта нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида энг сермаҳсул ва мазмунан бой даврлардан бири бўлди. 1–5 декабрь кунлари ўтказилган «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» мамлакатимизда фуқаролик институтларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли фаоллигини ошириш ва давлат-жамият мулоқотини мустаҳкамлашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилди. Унда давлат идоралари, миллий парламентимиз аъзолари, ННТлар, халқаро экспертлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Ҳафталик доирасида жамиятнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, «2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепция» ижроси кўриб чиқилди, «2030 йилга қадар ривожлантириш Концепцияси» лойиҳаси бўйича фикр ва таклифлар билдирилди. Шунингдек, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти билан учрашувлар, Адлия вазирлиги вакиллари билан очиқ мулоқотлар, ННТ миллий форуми, халқаро конференция, ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига бағишланган маҳсулотлар ярмаркаси ҳамда «Мақсадли лойиҳалар» акцияси ўтказилиб, тадбирлар ҳафталик мазмунини янада бойитди.

Асосий воқеаларидан бири «Фуқаролик ташаббуси» миллий мукофоти ва «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонини топшириш маросими бўлди. Мазкур миллий мукофот бу йил илк бор ўтказилиб, унга 350 дан ортиқ номзодлар ҳужжат тақдим этди. Сўнгги икки йилда фаоллик ва ташаббус кўрсатган юртдошларимиз бешта асосий йўналиш бўйича – фуқаролар ҳуқуқлари, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, экология, ижтимоий ҳимоя ва хотин-қизлар масалалари бўйича тақдирланди. Бу жараён ННТлар ва фуқаролик фаолларининг саъй-ҳаракатлари эътибордан четда қолмаётганини яна бир бор тасдиқлади.

Шу билан бирга, фуқаролик жамияти соҳасида кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилган республика ва хорижий ташкилотлар вакилларига «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони топширилди. Миллий қомусимиз қабул қилинган куни арафасида 26 нафар фаолнинг ушбу мукофотга муносиб кўрилгани уларнинг мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссасини янада юксакроқ эътироф этди.

Тадбирларда сўзга чиққан иштирокчилар мамлакатимизда демократик қадриятлар, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш, таълим, тиббиёт, экология ва маданият соҳаларида фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этаётганини таъкидлади. Айниқса, ННТлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар уларнинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Тақдирланганлар орасида Хоразм вилояти Қизил ярим ой жамияти Боғот тумани бўлими ижрочи директори Феруза Усмонова ҳам бор. У ўз хурсандчилигини яширмай шундай деди:

— Кўкрак нишони билан тақдирланганим юксак эътироф. Илгари ННТларга бундай катта имкониятлар бўлмаган, ҳозир эса фаолиятимиз учун кенг шароитлар яратилмоқда. Биз бундан жуда миннатдормиз ва келгусида яна ҳам йирик лойиҳалар билан халқимизга сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз.

Экология йўналишида миллий мукофотга сазовор бўлган «Эколог» жамоат бирлашмаси директори Наргис Қосимовани ҳам таассуротлари билан ўртоқлашдик.

— Ҳозир экологик муаммолар жуда долзарб. Ёшларда экологик маданиятни ошириш бўйича 300 дан ортиқ волонтёрлар билан ишлаяпмиз. Жиззах ва Қорақалпоғистонда «Иқлим ўзгаришининг гендер зўравонликка таъсири» мавзусида илмий тадқиқот ўтказдик, — дейди танлов ғолиби Н.Қосимова. — Бу Марказий Осиёда биринчи бўлиб амалиётдан ўтган тажриба. «Яшил мактаб» лойиҳамизда эса 20 мингдан ортиқ волонтёрлар иштирок этмоқда. Бу мукофот менинг эмас, балки жамоам — ёш экологларимиз ва шогирдларимизнинг ютуғи деб биламан.

«Фуқаролик жамияти ҳафталиги» ННТлар учун нафақат тажриба алмашиш ва қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор бўлиш имконини берди, балки ташаббускор фаолларнинг меҳнатини рағбатлантирди, янги ғоя ва лойиҳалар учун замин яратди. Шу каби тадбирлар келгусида ҳам давлат ва жамият ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаб, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда муҳим вазифаларни бажаради.

Улуғбек Рўзиматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?