Фуқароларни ноқонуний тарзда Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди – ДХХ (+видео)

09:41 14 Май 2025 Жамият
216 0

Давлат хавфсизлик хизмати «Ҳаж» ва «Умра» зиёратларини қонунга хилоф равишда ташкил этишга уринган бир нечта сайёҳлик фирмалари фаолиятига чек қўйди. Тошкент шаҳри, Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқароларни ноқонуний тарзда Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди.

Тошкентда фаолият юритувчи туристик фирмалардан бирининг тўрт ходими уч нафар фуқарони ишчи визаси орқали «Ҳаж» сафарига, яна бир фуқарони эса сайёҳлик визаси орқали юбориш эвазига жами 26 минг АҚШ доллари талаб қилган. Улардан 20 минг доллари олдиндан олинган ва ушбу ҳолатда гумондорлар ушланган.

Фарғонада эса Марғилон шаҳрида фаолият юритаётган туристик фирмалардан бирининг вакили икки нафар фуқаро учун «Умра», яна уч нафар фуқаро учун эса «Ҳаж» сафарини ташкил қилиш эвазига жами 17,4 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ушланди.

Намананган вилоятида ҳам икки алоҳида ҳолат қайд этилди. Улардан бирида, 1999 йилда туғилган шахс ижтимоий тармоқларда «Ҳаж» сафарига олиб бориш бўйича сохта эълонлар жойлаштириб, уч нафар фуқаронинг ҳар биридан 4,9 минг АҚШ долларидан, жами 14,7 минг доллар олган. Иккинчи ҳолатда эса Чуст туманидаги туристик фирма раҳбари тегишли литсензиясиз «Умра» сафарини таклиф қилиб, уч фуқаронинг ҳар биридан 1350 АҚШ долларидан, жами 4050 доллар олиб, ушланди.

Яна бир ҳолатда, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда, Тошкентда яшовчи шахс беш нафар фуқарони «Ҳаж» визаси орқали зиёратга юборишни ваъда қилган. У жами 27 минг АҚШ доллар эвазига хизмат таклиф қилган ва олдиндан 13,5 минг доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Давлат хавфсизлик хизмати ва Дин ишлар бўйича қўмита фуқароларга мурожаат қилиб, «Умра» ёки «Ҳаж» сафарига боришдан олдин сайёҳлик фирмаларининг расмий литсензияга эга эканлигини албатта текширишни тавсия этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?