Фуқароларининг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи таъминланади

14:06 20 Декабрь 2023 Сиёсат
523 0

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга ҳамда уларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Мазкур Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш тартибини белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Таъкидлангандек, ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга ҳамда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?