Фуқаролар ҳамда давлат органларига қулайлик яратувчи яна бир қонун маъқулланди

14:27 19 Ноябрь 2022 Сиёсат
467 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш орқали уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга, шунингдек, уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилган.

Бугунги кунда ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларига доир ишлар туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Хусусан, республика бўйича маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган шу турдаги ишлар охирги уч йилда йилига 8-9 мингтани ташкил этади.

Ҳозирда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига сабаб бўлмоқда ҳамда ушбу тоифадаги ишларга масъул бўлган ички ишлар органларига бир қатор қийинчиликлар туғдирмоқда. Яъни, туманлараро маъмурий судларнинг фақат вилоят марказларида жойлашганлиги ва ҳудудларнинг марказдан узоқлиги, ички ишлар органлари ходимининг мазкур иш билан шуғулланиши давомида ўз хизмат жойи узоқ муддат бўш қолиши, шунингдек, шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш амалиётини фуқароларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилишини тақозо этмоқда.

Шу боис Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.

Жумладан, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ ишларни маъмурий суд ваколатидан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига берилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида ички ишлар органларининг муайян яшаш жойи бўлмаган шахсларни ушлаб туриш ва реабилитация қилишга қаратилган фаолиятининг самарадорлиги ошишига ҳамда фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилади ва моддий ресурсларнинг тежалишига олиб келади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

“Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?