Франция Жаҳон чемпионатига йўл олди, Португалия сафардан мағлубият билан қайтди
Кеча, 13 ноябрь куни Жаҳон чемпионати саралашининг навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтди. Кун доирасидаги муҳим баҳсларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Франция Жаҳон чемпионатига йўл олди
Куннинг энг катта воқеаси Жаҳон чемпионатининг амалдаги вице-чемпиони Франция терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига йўл олгани бўлди. Дидье Дешам бошчилигидаги жамоа кеча ўз майдонида Украина терма жамоасини қабул қилди. Ўйин олдидан «французлар» ҳисобида 10 очко бор эди ва ушбу ўйиндаги эҳтимолий ғалаба жамоага Жаҳон чемпионати чиптасини тақдим этарди. Амалда ҳам шундай бўлди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида Украина ҳимояда тартибли ўйин намойиш этди. Натижада бўлим 0:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 55-дақиқасида Украина дарвозасига пенальти белгиланди. 11 метрлик жарима зарбасини Килиан Мбаппе аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди.
76-дақиқада Майкл Олисе катта саҳнага чиқди. Нгола Кантеинг узатмасидан сўнг «Бавария» футболчиси ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Орадан 7 дақиқа ўтиб, Килиан Мбаппе дублга эришди.
Ўйинга якуний нуқтани эса Хьюго Экитике қўйди. Захирадан ўйинга қўшилган футболчи 88-дақиқада ҳисобни 4:0 қилиб белгилади. Шу тариқа ўйин французларнинг йирик ғалабаси билан якунланди.
Бу орқали Дешам жамоаси мундиалда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган 29-жамоага айланди. Шу кунгача Европадан фақатгина Англия терма жамоаси Жаҳон чемпионати масаласини муддатидан аввал ҳал этган эди.
Франция — Украина 4:0
Голлар: Мбаппе (55 пенальти, 83), Олисе (76), Экитике (88).
Франция — Меньян, Кунде, Салиба, Упамекано, Дин, Канте, Коне (Заир-Эмери, 80), Олисе, Шерки (Аклиуш, 68), Барколя (Экитике, 67), Мбаппе.
Украина — Трубин, Караваев, Забарний, Сватов, Михавко (Зубков, 75), Михайличенко, Очеретко (Шапаренко, 64), Ярмолюк (Волошин, 85), Назарина, Гутсуляк (Ванат, 64), Яремчук (Цыганков, 76).
Италия ғалаба қозонди, бироқ…
Сўнгги 2 та Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборган Италия терма жамоаси ўз мухлисларини яхшигина хафа қилгани аниқ. Бу гал ҳам жамоа сўнгги тур олдидан мундиалга тўғридан-тўғри йўл олиш имконини йўқотиши мумкин эди. Аммо сўнгги дақиқаларда киритилган голлар эвазига Гаттузо шогирдлари назарий имкониятни сақлаб қолишди.
Лекин бу шунчаки назарий имконият. Италия тўғридан-тўғри Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритмоқчи бўлса, сўнгги турда Норвегия терма жамоасини 9 та тўп фарқи билан мағлуб этишига тўғри келади. Чунки регламентга кўра, очколар тенг келиб қолса, тўплар нисбати устунлик беради.
Айни вақтда «итальянлар»да тўплар нисбати 20-8 ни ташкил этмоқда. Голландия жамоасида эса ушбу кўрсаткич 33-4. Шунинг учун Италияни фақат мўъжиза плей-оффсиз мундиалга олиб чиқиши мумкин.
Якунланган турда Италия Молдова термаси меҳмони бўлди. Таъкидлаш керакки, ФИФА рейтингидаги 156-ўриндаги Молдова 80 дақиқа Италия билан мардонавор кураш олиб борди.
Ҳисоб 88-дақиқада «Рома» ҳимоячиси Жанлука Манчини томонидан очилди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Франческо Эспозито ҳисобни 2:0 қилди.
Шу тариқа ўйин «итальянлар»нинг ғалабаси билан якунланди. Лекин жамоани сўнгги турда жиддий синов кутиб турибди.
Молдова — Италия 0:2
Голлар: Манчини (88), Эспозито (90+3).
Италия — Викарио, Белланова, Манчини, Буонжорно, Камбиязо (Димарко, 74), Тонали, Кристанте, Распадори (Эспозито, 65), Орсолини (Политано, 74), Скамакка (Ретеги, 66), Заккани (Фраттези, 82).
Молдова — Андри Кожухар, Калин Ревенко, Михайл Стефан, Артур Красиун, Даниел Думбравану, Олег Реабчук, Сержио Перчун, Вадим Рата, Артур Лонита, Лон Николеску, Постолачи.
Португалия мағлубиятга учради
Португалия терма жамоаси бу тур сафарда Ирландия билан куч синашди. Ушбу ўйиндаги ғалаба жамоани муддатидан аввал Жаҳон чемпионатига олиб чиқиши мумкин эди. Аммо бундай бўлмади.
Криштиану Роналду сардорлигидаги жамоа биринчи бўлимда рақиб дарвозасига 15 та зарба йўллади, бирортаси голга айланмади.
Аммо биринчи бўлимда жами 3 та аниқ зарба йўллаган мезбонлар ушбу зарбаларнинг 2 тасини гол билан якунлашди.
17-дақиқада Нидерландиянинг «Аз Алкмаар» жамоасида ўйнаётган Трой Парротт ҳисобни очди. Таймнинг сўнгги дақиқасида эса яна ўзи ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
Иккинчи бўлим ҳам Португалия учун омадсиз бошланди. 60-дақиқада Криштиану Роналду рақибга тирсаги билан зарба бергани учун майдондан четлатилди. Бу Криштианунинг терма жамоадаги биринчи қизил карточкаси бўлди.
Ўйин шу тариқа мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Португалия терма жамоаси энди мундиалга тўғридан-тўғри йўлланма олишни истаса, сўнгги турда Арманистонни мағлуб этиши талаб этилади.
Ирландия — Португалия 2:0
Голлар: Парротт (17, 45).
Ирландия — Келлеҳер, Колумен, Коллинз, ОʼШи, ОʼБрайен, Скейлз (Данн, 86), Азаз (Эбоселе, 79), Тэйлор (Ковентри, 68), Каллен, Огбене (Жонстон, 86), Парротт (Айда, 68).
Португалия — Кошта, Канселу (Семеду, 46), Инасиу (Вейга, 46), Диаш, Далот, Р.Невеш, Витиня, Ж.Невеш (Рамуш, 78), Силва (Тринкау, 63), Феликс (Леау, 63), Роналду.
Четлатиш: Роналду (61).
Англиядан яна бир ғалаба
Муддатидан аввал мундиал масаласини ижобий ҳал этган Англия терма жамоаси қолган ўйинларни ҳам юқори даражада ўтказишни мақсад қилган кўринади. Жамоа бу тур ўз майдонида Сербия билан куч синашди.
Учрашув мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ҳисоб 28-дақиқада «Арсенал» футболчиси Букайо Сака томонидан очилди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида тугади.
Иккинчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида ҳисоб янада ишончли кўринишга келди — бу гал захирадан тушган «Арсенал» футболчиси Эберечи Эзе гол урди.
Шу тариқа ўйин Англия терма жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Жамоа сўнгги турда Албанияга қарши майдонга тушади.
Англия — Сербия 2:0
Голлар: Сака (28), Эзе (90).
Англия — Пикфорд, Жеймс, Стоунз, Конса, ОʼРайли, Андерсон (Уортон, 85), Райс (Ҳендерсон, 65), Сака, Рожерс (Беллингҳэм, 65), Рэшфорд (Эзе, 64), Кейн (Фоден, 65).
Сербия — Райкович, Мимович, Миленкович, Павлович, Терзич (Радонич, 77), Живкович (Йович, 77), Илич, Гудел (Самаржич, 69), Лукич (Груйич, 76), Костич, Влахович.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг