Франция президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

18:39 26 Октябр 2023 Сиёсат
358 0

Франция президенти Эммануэль Макрон 2 ноябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Елисей саройининг расмий ахборотида маълум қилинган. Шунингдек Макрон Қозоғистонга ҳам бориши режалаштирилган.

Қайд этилишича, ушбу ташриф Марказий Осиёнинг мазкур икки давлати билан муносабатларни чуқурлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.

«Франция икки давлатнинг ислоҳотлар борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, ҳамкорликни диверсификация қилишга ёрдам беради, уларнинг мустақиллиги ва суверенитетини, шунингдек, Европа билан алоқаларни мустаҳкамлаш истагини қўллаб-қувватлайди.

Франция ва бу икки давлат ўртасидаги яқинлашув иқтисодий соҳада, хусусан, энергетика, муҳим хомашё етказиб бериш, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат мустақиллиги ва ҳатто мудофаа соҳасида амалга оширилмоқда», — дейилади расмий хабарда.

Ташриф давомида Франция компаниялари иштирокидаги иқтисодий форумлар ўтказилиши режалаштирилган. Франция, шунингдек, жиддий глобал муаммолар, жумладан, экологик муаммолар, айниқса, сув ресурсларини бошқариш ва озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан минтақа давлатлари билан ҳамкорлик қилади.

Франция Ўзбекистон ва Қозоғистон билан хавфсизлик соҳасида, хусусан Афғонистон билан боғлиқ террористик таҳдидлар ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш юзасидан ҳам ҳамкорлик қилаётганини алоҳида қайд этган.

«Давлат раҳбари олдида инқирозлар кучайиб бораётган ва дунёнинг бўлиниш хавфи шароитида барча қитъалардаги давлатлар билан мулоқотни давом эттириш, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш асосида тинчлик ва барқарорликни ҳимоя қилишни давом эттириш масаласи ҳам турибди», — дейилади Елисей саройи баёнотида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?