Фракцияларда Ҳукуматнинг ҳисоботи муҳокама қилинди

06:52 04 Август 2023 Сиёсат
525 0

2023 йил 3 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал демократик партияси, Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, ўтган даврда аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, таълим сифатини ошириш, экологик барқарорликка эришиш борасида тизимли ишлар амалга оширилган.

Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2023 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,6 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат – 5,6 фоиз, хизматлар – 6,4 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик – 3,8 фоизни ташкил қилган.

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан Давлат дастурининг партия сайловолди дастури билан ҳамоҳанг бўлган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хусусан, адвокатура институти жозибадорлигини ошириш, соҳага ёш кадрларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, Давлат дастури доирасида бошланган ва амалга оширилаётган лойиҳаларни 2023 йилнинг қолган даврида ҳам изчил давом эттириш, белгиланган вазифларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўймаслик кераклиги қайд этиб ўтилди.

Ҳисобот даврида ЎзХДП партияси электорати учун муҳим ҳисобланган – аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилган. 

Жумладан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида 76 та оилавий шифокор пункти, 20 та оилавий поликлиника ҳамда 505 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, 1,8 млн. аҳолига ўз яшаш жойида бирламчи тиббий-санитария хизмати йўлга қўйилган, 208 та кўп тармоқли туман марказий поликлиника ҳамда Тошкент шаҳридаги 70 та оилавий поликлиникада болалар бўлимлари ташкил этилган.

Халқ демократик партияси фракцияси Давлат дастури ижроси таъминланиши, эришилаётган ютуқлар замирида, авваламбор, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳукумат амалга ошираётган изчил саъй-ҳаракатлар турганини алоҳида эътироф этилиб, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро этиш учун вазирлик-идоралар ўртасидаги ҳамкорлик ва масъулиятни кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, Давлат дастури доирасида барча соҳалар қатори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалалари бўйича белгиланган бандларнинг ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилган. 

Хусусан, маиший чиқиндиларни йиғишни 100 фоизга, уни қайта ишлаш даражасини 21 фоиздан 50 фоизга етказиш мақсадида Осиё тараққиёт банки иштирокида “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида 156 та чиқинди ташувчи техника харид қилиниб, 79 та техника ҳудудларга етказиб берилган. 

Давлат дастури доирасида жорий йилда атроф-муҳит мониторинги доирасида 685 та атмосфера ҳавоси, тупроқ ва ер усти сув объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан намуналар олиш ва уларни таҳлил қилиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 542 та объектларнинг 1568 та манбаларида мониторинг ўтказилган. 

Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи (Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари) ҳудудида жами 195 минг гектар майдонда “яшил қоплама”лар барпо этилган. Нукус шаҳри атрофида 5 км масофада 3590 дона қайроғоч каби иқлим шароитга мос дарахтлар кўчатлари экилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?