Фракция аъзолари Ҳукуматнинг ҳисоботини қандай баҳолади?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП, ЎзХДП ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Вазирлар Маҳкамасининг “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисоботи муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2023 йилнинг I чорагида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,5 фоиз, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат 104,1 фоиз, хизматлар 107,0 фоиз, қишлоқ хўжалиги 103,2 фоизни ташкил қилди. Ўтган давр мобайнида давлат бюджети жаъми харажатлари 47,3 трлн. сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган ҳаражатлар 18,1 трлн сўмни ташкил қилди. Ушбу сарфланган харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,3 фоизга ошган.
Йиғилишда “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан Давлат дастурининг партия сайловолди дастури билан ҳамоҳанг бўлган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хусусан, адвокатура институти жозибадорлигини ошириш, соҳага ёш кадрларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, Давлат дастури доирасида бошланган ва амалга оширилаётган лойиҳаларни 2023 йилнинг қолган даврида ҳам изчил давом эттириш, белгиланган вазифларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўймаслик кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Қайд этилганидек, Давлат дастурининг ижросида Халқ демократик партиясининг электорати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган — адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилган. Хусусан, республика бўйича оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 78 мингга яқин ишсиз хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Уларни касб-ҳунарга ўқитиш чоралари кўрилмоқда. “Аёллар дафтари”га киритилган 1 млн. 680 минг хотин-қизнинг 225 мингдан зиёдига тоифаларга ажратилган ҳолда ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, профессионал таълим муассалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳаси қабул қилиниши натижасида республикадаги профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилар лавозим маошларини ўртача 20 фоизга оширишга эришилади.
ЎзХДП фракцияси аъзолари ҳудудлардаги ижтимоий масалаларни самарали ҳал этишга, ижтимоий соҳанинг барқарорлигини таъминлашга, эҳтиёжманд қатлам вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини юқори баҳолаб, реабилитация марказларида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўламини 5 бараварга ошириш, талабаларни ётоқхонага онлайн жойлашиш имкониятларини берувчи, Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган бепул электрон хизматни жорий этиш каби масалалар ижросига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини қайд этишдилар.
Қайд этилганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорги кўчат экиш мавсумида 127,7 млн. дона кўчат ва қаламчалар экилган. Шу билан бирга, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, интенсив боғлар майдонини 1,5 бараварга ва иссиқхоналарни 1,2 баравар кўпайтириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастури доирасида 25 минг гектар боғлар ва 35 минг гектар токзорлар барпо этиш кўзда тутилган бўлиб, ҳисобот даврида 10,9 минг гектар боғлар, 8,6 минг гектар токзорлар ташкил қилинган ҳамда уларга 23,9 млн дона кўчатлар экилган.
Ўзбекистон Экологик партияси фракция аъзолари томонидан Оролбўйи ҳудудини экологик жиҳатдан тиклаш ишларини кенгайтириш, олис ҳудудларидаги аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва уни қайта ишлаш тадбирларини ўз муддатида, сифатли ижросини таъминлаш борасида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Йиғилишда Давлат дастури бандлари ижросининг бориши юзасидан самарали парламент назоратини амалга оширишга келишиб олинди. Фикр-мулоҳаза, савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда фракция аъзолари томонидан Ҳукумат ҳисоботи қўллаб-қувватланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг