Форумда ўрмончилик соҳаси фидойилари эътироф этилди

05:56 28 Март 2025 Жамият
238 0

Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да «Халқаро ўрмонлар куни» муносабати билан халқаро форум бўлиб ўтди.

Форумда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўрмон хўжалиги агентлигининг мутасадди ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ўрмончилик соҳаси фидойилари, халқаро экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманни Экология вазири А.Абдуҳакимов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда ўрмонзорлар барпо этиш, яшиллик даражасини ошириш борасида соҳада амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, ўрмон ҳудудларини кенгайтириш ва уларни қайта тиклаш ҳозирги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлиги, экологияни муҳофаза қилиш барчанинг бурчи эканлигини таъкидлади. Вазир ўрмон хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб келаётган ходимларни ушбу сана билан самимий табриклади.

Тадбирда Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳитдинов сўзга чиқиб, ўрмон хўжаликларида амалга оширилаётган ишлар, чўлланишнинг олдини олиш, ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишда ўрмончи ходимлар кўрсатаётган хизматлар катта эканини қайд этди. Шундан сўнг соҳада узоқ йиллардан буён самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ ходимлар «Ўрмон фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Таъкидлаш жоизки, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ўтган йилда мамлакатимизда ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, яшиллик даражасини ошириш, иқлим ўзгаришлари муаммоларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда чўлланишнинг олдини олиш мақсадида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жорий йилда ҳам бу саъй-ҳаракатлар белгиланган режага асосан тизимли равишда олиб борилмоқда.

Zoom платформаси орқали давом этган музокараларда Россия Федерацияси Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Иван Советников ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида сўз юритди.

Форум доирасида ўрмончилар етиштираётган доривор ўсимликлар кўргазмаси ташкил этилди. Режиссёр Тожибой Исроилов томонидан саҳналаштирилган «Ота эккан дарахт» спектакли намойиш қилинди. Университет ҳовлисига дарахт кўчатлари экилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?