Филиппиндаги кучли зилзилада 69 киши ҳалок бўлди
Филиппиннинг марказий қисмида 6,9 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. DW нашрининг ёзишича, ҳодиса оқибатида камида 69 киши ҳалок бўлди, 140 дан ортиқ одам жароҳат олди.
Таъкидланишича, ер силкинишининг эпицентри Себу вилоятидаги Бого шаҳри яқинида, ер қаърининг 5 километр чуқурлигида қайд этилган. Табиий офат 30 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 21:59 да юз берган.
Зилзила оқибатида бир қатор бино ва иншоотлар, жумладан, икки черков ҳамда спорт мажмуаси зарар кўрган. Электр таъминотининг узилиши аҳолида ваҳима уйғотган. Ижтимоий тармоқларда вайрон бўлган иншоотлар ва одамларнинг қочиш жараёнлари акс этган видеолар тарқалмоқда.
Қутқарувчилар тош кўчкилари ва вайроналар остида қолганларни излаш ишларини давом эттирмоқда. Расмийлар ҳалок бўлганлар сони ортиши мумкинлигини айтмоқда.
Мамлакат президенти Фердинанд Маркос марҳумларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларга ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.
Зилзила ортидан Филиппин вулканология ва сейсмология институти қисқа муддатли цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш берган, бироқ кучли тўлқинлар қайд этилмагани учун огоҳлантириш бекор қилинган. Мутахассислар яқин кунларда кучли афтершоклар бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Филиппин Тинч океанидаги “Олов ҳалқаси” ҳудудида жойлашган бўлиб, дунёда энг кўп табиий офатлар кузатиладиган мамлакатлардан бири ҳисобланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг