Фермерларга сув тежовчи технология учун субсидия берилади

17:46 08 Июль 2024 Жамият
315 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Дунёдаги иқлим ўзгариши, аномал иссиқ ҳароратнинг узоқ муддат сақланиб туриши, қор қатламларининг тез эриб бориши қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тақчиллигига сабаб бўлмоқда.

Самарқанд вилоятида сув тежамкорлиги борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда вилоят бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари томонидан 28 минг гектар майдонга сув тежовчи технологиялар жорий қилиш белгиланганди. Шундан, 7300 гектарга томчилатиб суғориш, 3300 гектарга ёмғирлатиб суғориш, 2600 гектарга дискретли суғориш, 9300 гектарда эгилувчан қувур ва плёнка тўшаб суғориш ҳамда 5500 гектар майдонда лазерли текислаш хизматлари йўлга қўйилди.

Кейинги уч йилда вилоят бўйича 42,5 минг гектардан ортиқ майдонга сув тежовчи технологиялари жорий этилди. Шундан, 4500 гектар пахта майдони, 5504 гектар интенсив боғ-токзорлар томчилатиб суғориш, 3124 гектар ғалла ва 81 гектар бошқа экин майдонларига ёмғирлатиб суғориш тизими амалга оширилди. 8356 гектар майдонга эгилувчан қувур ва плёнка тўшаб суғориш, 3 235 гектар майдонга дискрет суғориш технологиялари яратилди. 17 694 гектар экин майдонлари лазерли ер текислаш ёрдамида текисланди.

Натижада сув тежалиб, 90 минг гектар ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экилди, — дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Бекзод Тугалов. — Бу йил такрорий экиндан 1 миллион 450 минг тоннадан зиёд сабзавот, картошка ва дуккакли экинлардан ҳосил йиғиштириб олиниши кутилмоқда.

Фермерларга сув тежовчи технологиялар учун субсидия маблағларининг ажратилиши ҳар гектар майдондан олинадиган ҳосилнинг янада юқори бўлишига замин яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?