Фазо узоқдек туюлар, лекин унга етаклайдиган йўл ерда
Фото: "Халқ сўзи"
Рақамли технологиялар вазирлигида бўлиб ўтган давра суҳбатида бир қарашда техник кўринган масала космик соҳанинг ривожи — аслида жамиятнинг келажаги билан чамбарчас боғлиқ экани яна бир бор яққол намоён бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда “Ўзбеккосмос” агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу учрашувда депутатлар, “Ўзбеккосмос” агентлиги, Фанлар Академияси масъуллари, олимлар, олий таълим муассасалари тадқиқотчилари, соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мулоқот давомида мамлакатда космик технологияларни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва олдинда турган вазифалар атрофлича таҳлил қилинди.
Сўнгги йилларда космик маълумотлардан фойдаланиш янги босқичга кўтарилди. Айниқса, Ерни масофадан зондлаш орқали қишлоқ хўжалигида ер ҳолатини кузатиш, сув захираларини бошқариш, шаҳарсозлик ва кадастр соҳаларида аниқ таҳлиллар ўтказиш имкониятлари кенгайди. Амалда сунъий йўлдош тасвирлари орқали сув омборларидаги ўзгаришлар кузатилмоқда, ер майдонлари таҳлил қилинмоқда, фавқулодда ҳолатларни эрта аниқлаш тизими йўлга қўйилмоқда.
Бу ўзгаришлар ортида аниқ режа ва тизимли ёндашув турибди. Қонунчилик базаси ҳам босқичма-босқич мустаҳкамланмоқда. Янги норматив ҳужжатлар соҳани тартибга солишда муҳим ўрин тутмоқда. Бу эса давлат идоралари ўртасида ҳамжиҳатликни кучайтирмоқда.
Давра суҳбатида энг кўп муҳокама қилинган масалалардан бири — мамлакат тарихида илк бор сунъий йўлдошни фазога учириш ва миллий фазогирни тайёрлаш ташаббуси бўлди. Бу ғоя оддий лойиҳа бўлибгина қолмай, у миллатнинг илмий салоҳияти ва орзуларини ифода этувчи муҳим қадам сифатида баҳоланди.
— Бугун космос фақат илмий майдон эмас, у иқтисодиётнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Миллий сунъий йўлдош ва фазогир тайёрлаш орқали биз нафақат технологияларни ўзлаштирамиз, балки ёшлар қалбида катта мақсадларга ишонч уйғотамиз, — деди “Ўзбеккосмос” агентлиги директори ўринбосари М. Иброгимов.
Тадбирда билдирилган ушбу фикрда катта маъно бор. Чунки фазогир парвози бу нафақат бир инсоннинг фазога чиқиши, балки бутун миллатнинг илмга бўлган иштиёқи ва келажакка ишончи ифодасидир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси аъзоси Ш. Шарафутдинов ҳам бу борада ўз муносабатини билдирди.
— Космик соҳани ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу йўналишда қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш орқали барқарор ва самарали тизим яратиш асосий вазифаларимиздан, — деди депутат.
Дарҳақиқат, катта орзулар мустаҳкам пойдеворга таянади. Қонунчилик, институционал тизим ва илмий база ўзаро уйғунлашгандагина бундай йирик лойиҳалар самара беради.
Давра суҳбати якунида билдирилган фикр ва таклифлар шундан далолат берадики, мамлакат космик соҳада янги босқичга қадам қўймоқда. Бу йўл осон эмас. У билим, маблағ, сабр ва қатъият талаб қилади. Бироқ энг муҳими — йўналиш аниқ. Бир қарашда фазо узоқдек туюлар, лекин унга етаклайдиган йўл ердан, бугунги қарорлар ва ҳаракатлардан бошланади.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, (“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг