Фашистларни зир титратган ўзбек ўғлони

13:09 09 Май 2025 Жамият
385 0

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

«Ҳеч ким унутилмайди, ҳеч нарса унутилмайди». Умумжаҳон хотираси рамзига айланган бу қанотли сўзлар Иккинчи жаҳон урушига бағишланган кўплаб ёдгорлик мажмуаларини яратишга илҳом берди.

Халқимиз ўз қаҳрамонлари хотирасини доимо қалбида сақлайди, уларнинг жасоратини юксак қадрлайди. Бу мард инсонлар намуналаридан биз яшашни, яратишни, ғалаба қозонишни ўрганамиз, замонлар ўртасидаги боғлиқликни авлодларимизга етказамиз. Бронза, гранит ва мармар ёдгорликларда озодлик ҳамда тинч келажак учун жон фидо қилганлар номи ёзилган. Улар шунчаки меъморий иншоотлар эмас, матонат ва жасорат тимсоли бўлиб, бизни янги марралар сари руҳлантиради.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Биз ҳар йили 9 май — Хотира ва Қадрлаш кунида ёдгорликлар пойига йиғилиб, машъум урушда қатнашганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз. Уларнинг жасоратини, қаҳрамонликларини ёдга оламиз. Зотан, айнан шундай инсонлар шарофати билан биз бугун осуда осмон остида яшаяпмиз, ҳаётимизни барпо этяпмиз, келажак ҳақида орзу қиляпмиз.

Иккинчи жаҳон уруши тарихида халқ хотирасида мангу сақланиб қоладиган кўплаб номлар бор. Ана шундай қаҳрамонлардан бири — Беларусь жанг майдонларида беқиёс мардлик ва жасорат кўрсатган юртдошимиз, ўзбек халқининг қаҳрамон фарзанди Мамадали Топволдиев. Унинг жасорати матонат ва ватанпарварлик тимсолига айланиб, келажак авлодларга фахр ва ғурур бахш этади.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Қаҳрамонлар хотираси нафақат ўтмишга ҳурмат, балки келажак авлодлар олдидаги масъулият ҳамдир. Тинчлик ва осойишталик қанчалар машаққат эвазига қўлга киритилганини ёш авлод билиши учун улар ҳақида кўпроқ ҳикоя қилишимиз керак.

«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг ижодий гуруҳи ўзбек жангчисининг ҳарбий ҳаракатлари билан боғлиқ жойлар билан яқиндан танишиш учун Беларусь заминига ташриф буюрди. Мамадали Топволдиев беқиёс қаҳрамонлик кўрсатган Могилев вилоятининг Круглое туманида бўлди.

Енгилмас «Казбек»

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Мамадали Топволдиев Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. 1939 йилда армияга чақирилиб, Беларусда жойлашган ҳарбий қисмда ҳайдовчи-механик бўлиб хизмат қилди. Ўзбекистонлик ёш ва фидойи йигит ўшанда Ватанидан узоқда биринчилардан бўлиб фашистларга қарши чиқишини ва тақдир уни умрининг охиригача Беларусь заминига боғлашини билмас эди.

1941 йил 22 июнь тонгида фашистлар собиқ иттифоққа бостириб кирганида, 22 ёшли оддий аскар Мамадали Топволдиев ва унинг сафдошлари душманнинг биринчи ҳужумини қайтаришга ҳаракат қилади. Ҳамюртимиз ўша жангда яраланади. Босқиннинг дастлабки кунларида унинг бўлинмаси фашистлар томонидан қуршаб олинади. Шунга қарамай Мамадали Топволдиев кичик отряд билан душман қамалини ёриб ўтиб, Могилев вилояти ўрмонларига қочишга муваффақ бўлади. Бу катта урушдаги унинг илк қаҳрамонлиги эди.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Ўша пайтда Беларусьнинг шаҳар ва қишлоқлари фашистлар томонидан вайрон қилинган, аҳолининг катта қисми асирликка олиб кетилган эди. Омон қолган қариялар, ногиронлиги борлар ва болалар жуда оғир шароитда кун кечирарди.

— Гувоҳларнинг сўзларига кўра партизанлар душманга кечаю кундуз тинчлик бермаган, уларга катта зарар етказган ва фашистларни саросимага солган операцияларни амалга оширган, — дейди Круглое тумани тарих ва ўлкашунослик музейи директори Вия Гапаева. — Қуйида Топволдиев раҳбарлиги ва иштирокидаги амалга оширилган айрим операциялар хронологиясини келтирамиз:

1941 йил ноябрь. Мамадали ва Николай фашистлар томонидан босиб олинган Борисов шаҳридаги фашистлар лагерига ҳужум уюштириб, 146 нафар ҳарбий асирни озод қилади.

1942 йил февраль. Круглое қишлоғида разведка пайтида Мамадали Топволдиев асирга тушиб қолади ва бу сафар ҳам қочишнинг уддасидан чиқади. Шундан сўнг у Пасирево, Дудакович, Оглобли қишлоқларидан 13 нафар аскар тўплаб, партизанлар гуруҳини тузади. Кейинчалик улар Герасим Кирпич бошчилигидаги «Чекист» партизанлар отрядига қўшилади. Бу отряд кейинчалик руслар, Беларусьлар, украинлар, ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, молдованларни бирлаштирган партизан бригадасига айланади.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

1942 йил июль. Мамадали Топволдиев бошчилигидаги партизанларнинг разведка гуруҳи Смоленскдан Минскка кетаётган душман поездига ҳужум қилади. Тротсилово-Славная станцияси яқинида фашистларнинг поезди портлатиб юборилади ва кўп сонли душман аскарлари йўқ қилинади.

1943 йил бошидан 1 июнгача у ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган жанговар ҳаракатларда қатнашади. Унинг гуруҳи Толочин тумани марказида жойлашган фашистлар гарнизонига кутилмаганда ҳужум уюштириб, асирга олинган юзлаб совет аскарларини озод этади. Топволдиевнинг ҳаракатларидан руҳланган кўплаб аскарлар партизанларга қўшилади. Улар орасида қорақалпоғистонлик Абдулла Бектемиров, бешариқлик Бердиқул Раҳимов, қўқонлик Қурбон Ҳайдаров, асакалик Раҳматжон Йўлдошев ва тожикистонлик Карим Дадабоев бор эди.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

13 — 15 июнь кунлари Мамадали бир ўзи душманнинг енгил ва юк машиналарини портлатиб юборади. Воронсевичи қишлоғида разведка пайтида яқинлашиб келаётган душман колоннасини пайқайди. Унинг хавфсиз ўқ отиш масофасига етиб боришига имкон бериб, автоматдан ўқ узади. Фашистлар ажабланиб, қисқа тўқнашувдан сўнг қочиб кетишади.

26 август куни Логовшчина қишлоғида у якка ўзи душман отряди билан жангга киради ва кўплаб фашистларни йўқ қилади.

Ўша йилнинг октябрь ойида «Казбек» аҳолидан чорва моллари — отлар ва эчкиларни олиб кетиш учун Подберезино қишлоғига келган немислар гуруҳини йўқ қилиш бўйича операцияни ишлаб чиқади. Бу жангда Мамадали бир ўзи ўнлаб фашистларни йўқ қилди.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Ҳар бир операциядан кейин Топволдиев ханжар билан дарахтларга «Казбек» сўзини ўйиб, ўз изини қолдирарди ва бу эса фашистларни мудом қўрқувда ушлаб турган.

1943 йилда Мамадали Топволдиевнинг жасорати тўғрисидаги хабар бутун Беларусь бўйлаб тарқалади ва Олий қўмондонлик эътиборига ҳавола этилади.

1943-1944 йиллар қишки ҳарбий ҳаракатларда Мамадали Топволдиев бир неча бор пистирмага дуч келади, аммо шунга қарамай у ҳар доим топшириқни бажаришга ҳаракат қилади. Москва, Минск ва Тошкентда нашр этилган партизан ҳаракатига бағишланган ҳужжатли ва тарихий китобларда жасорати алоҳида эътироф этилган. Унинг мардонавор ҳаракатлари ҳақида ўша пайтдаги нашрларда кўплаб мақолалар ёзилган, жанг майдонларига тарқатилган.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Мамадали Топволдиевнинг ўзи бир нечта душман казармаларининг кулини кўкка совурган, бешта ҳарбий поездни портлатган, 76 нафар фашист аскари ва генералини асирга олган. Маълумотларга кўра Адолф Гитлер Мамадалини шахсий душмани сифатида билган ва унинг боши учун 50 минг рейхсмарк, вилла ва юз бош сигир «мукофот» ваъда қилган.

1944 йил 15 августда Мамадали Топволдиевга фашист босқинчиларга қарши курашда кўрсатган жасорати ва Беларусьда партизан ҳаракатини ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун қаҳрамонлик унвони берилади.

Қаҳрамонлар хотираси қалбларимизда

— Бугун биз фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигини нишонламоқдамиз. Иккинчи жаҳон уруши — бу тарих ва миллионлаб одамлар тақдирини бутунлай ўзгартирган машъум воқеа, — дейди Круглое тумани ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Анжела Лукашевич. — Ўша оғир даврларни эслаб, мардлик тимсолига айланган қаҳрамонларимизни унутиб бўлмайди. Ана шундай сиймолардан бири — Ватан ҳимоясида туриб, фашизмга қарши беқиёс жасорат кўрсатган ўзбек ўғлони Мамадали Топволдиев. Унинг фаолияти ҳақиқий жасорат намунасидир. Бу қаҳрамонлар хотираси қалбимизда яшаши, келажак авлодларга етказилиши зарур. У ҳақида туманимизда ёшу қари билади: барча таълим муассасасида Мамадали Топволдиевнинг қаҳрамонликлари ҳақидаги стендлар ўрнатилган. Урушдан кейинги йилларда Мамадали Топволдиев Круглое туманига ҳар гал келганида маҳаллий аҳоли унга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатган. Ўзгача меҳр билан «Бизнинг халоскоримиз!», «Осиё йўлбарси!», «Казбек мард ўғлон!» дея кутиб олган.

Урушдан кейинги оғир йилларда бир қанча қуролдош дўстларини Ўзбекистонга таклиф қилгани ҳақида далиллар мавжуд. Уларни иш ва уй-жой билан таъминлаган.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Бугун Круглое тарих ва ўлкашунослик музейида Мамадали Топволдиев учун алоҳида бўлим ташкил этилган. Бу ерда қаҳрамон юртдошимизнинг суратлари, кўрсатган жасоратлари битилган китоблар, газета ва журналлар ҳамда унинг хизматлари муносиб тақдирлангани ҳақидаги ҳужжатлардан нусхалар сақланмоқда. Бундан ташқари, туманнинг марказий кўчаларидан бири унинг номи билан аталади. Туман марказий боғида эса унинг хотирасига бюст ўрнатилган. Буларнинг барчаси унинг боқий хотирасига Беларусь халқининг чексиз эҳтироми намунасидир...

— Круглое — мамлакатнинг энг ноёб гўшаларидан бири, — дейди Круглое марказлаштирилган кутубхонаси ахборот ва хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Наталья Салтанова. — Вилоятнинг ўтмиши Полоск ва Друск князликлари билан боғлиқ. Аммо кичик Ватанимизда урушдаги қаҳрамонлик воқеалари хотирасини 80 йил давомида сақлаб қолган жойлар бор... 1941 йил 8 июлдан 1944 йилнинг 28 июнига қадар вилоят ҳудуди фашист босқинчилари томонидан ишғол этилди. 1277 нафар тинч аҳоли отиб ташланди, 1527 киши Германияга мажбуран депортация қилинган. Вилоятда 8-партизан бригадаси, чекистлар отряди, ОБЗОР яширин партия-комсомол ташкилоти фаол бўлган. Мамадали Топволдиев номи бошқа қаҳрамонлар қатори Круглое тумани тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган.

Мамадали Топволдиев жасорати фақат жанг майдонидаги қаҳрамонлик ҳикояси эмас. У ўз Ватанига муҳаббат, озодлик ва адолат ғояларига садоқат ҳақида ҳикоя қилди. Унинг мардлиги барча авлодлар учун абадий қаҳрамонликнинг ёрқин намунаси бўлиб қолади. Биз бундай қаҳрамонларни эслаб, уларнинг меросини келажак авлодларга етказишимиз керак.

Беларусь халқининг ҳам фарзанди

Ҳар бир оила учун уруш шунчаки тарих эмас, балки ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, она юртини фашист босқинчиларидан қутқарган одамларнинг тақдири. Баъзилари жанг майдонларига кетди, баъзилари партизан ёки хабарчи бўлди, баъзилари эса фронт ортида меҳнат қилди.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Урушдан кейинги йилларда Топволдиев бир неча бор Беларусьга келиб, жангда бирга қатнашган партизан дўстлари билан учрашган. «Мен улар билан ўрмон чакалакзорлари бўйлаб сайр қилдим, жангларни ва ҳалок бўлган дўстларимни эсладим», дея хотирлаганди у мулоқотларидан бирида.

Бундан ташқари, у тез-тез иккинчи онаси — Анна Рилкованинг олдига келиб турган. Унга ғамхўрлик кўрсатган ва янги уй қуриб берган. Ўша уй бугунги кунгача Круглое тумани, Пасирево қишлоғида сақланиб қолган. Бу уйда ҳамон Рилкованинг авлодлари яшамоқда.

Анна Мешерякова катта бувиси Анна Рилкованинг уруш хотираларини ва Беларусь оиласи билан ўзбекистонлик Мамадали Топволдиевнинг авлодлари ўртасидаги дўстликни эъзозлаб келади.

— Бувимнинг Алексей ва Иван исмли иккита ўғли бўлган, — дейди у. — 1939 йилда Иван армияга кетади ва Мамадали билан бир қисмда хизмат қилади. Улар дўст бўлишган. Уруш бошланганда улар қуршаб олинган ва биргаликда қамалдан чиқиб кетишган. Шундан сўнг Мамадали Топволдиев сафдошлари билан яширинча яқин атрофдаги Круглое тумани Пасирево қишлоғига етиб боради. У бувимнинг уйига келади ва бошпана ҳамда егулик сўрайди. Ҳар томонда фашистлар ва хоинлар изғиб юргани учун бувим бошида саросимага тушиб қолади.

Шунда Мамадали Топволдиев «Ўғлингиз Иванга ҳам шундай муносабатда бўлармидингиз?», дейди. Ўғлининг исмини эшитган она «Сен Иванни биласанми?», дейди. Топволдиев эса Иван билан қуролдош бўлганини айтади. Ана шу танишув Рилкова ва Топволдиев ўртасида қардошлик ришталарининг бошланишига сабаб бўлади. Рилкова уни фарзанд сифатида қабул қилади, Топволдиев ҳам то умрининг охиригача аёлни эъзозлайди.

— Бувим ўзбек фарзанди Мамадали Топволдиев билан ўзгача фахрланарди, — дея сўзини давом эттиради Анна Мешерякова. — Хоинлардан партизанлар Рилкованинг уйида экани ҳақидаги хабарни олгач фашистлар тинтув ўтказади. Ҳеч кимни топа олмай, бувим ва бобомни асирликка олиб кетади. Икки ҳафта давом этган қийноқларга қарамай Топволдиев ва унинг шериклари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўла олмаган фашист­лар уларни қўйиб юборади. Ўта кучли руҳий ва жисмоний азоблар оқибатида бобом ўша воқеадан кўп ўтмай ҳаётдан кўз юмади. Кейинчалик Мамадали Топволдиев бунинг учун фашистлардан муносиб қасос олган. Афсуски, бешафқат ўлим уни 1969 йилда ҳаётдан олиб кетади. Ўша пайтлари ҳар йил 6 майда Мамадали Топволдиев Круглоега келишни, иккинчи онасидан хабар олишни, партизан дўстлари билан учрашишни анъанага айлантирганди. 1969 йилда ҳам бувим ўғлининг келишини катта тайёргарлик билан кутган. Аммо ўша йили айнан 6 майда унинг ҳаётдан кўз юмгани ҳа­қида хабар келади. Бувим катта қайғу билан унинг дафн маросимига қатнашиш учун Ўзбекистонга жўнаб кетади ва ўғлини сўнгги манзилга кузатиб келади. 1973 йилда у яна Ўзбекистонга, ўғли мангу қўним топган манзилга бориб қайтади. Ана шундан сўнг «Энди ўғилларимнинг олдига кетадиган вақт бўлди», деган экан. Орадан кўп ўтмай, у ўз омонатини топширди.

Бугун оиламиз Топволдиевлар оиласи билан мустаҳкам дўстлик ришталарини ўрнатган. Бу эса халқларимиз ўртасида абадий дўстлик давом этаётганидан далолатдир.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

...Қаҳрамон ўзбек ўғлонининг муқаддас хотираси Ўзбекистонда доим эъзоз ва эҳтиромда. Бугун у туғилиб ўсган Риштон туманида уй-музейи очилди, муаззам майдонга бюсти ўрнатилди. Унинг қаҳрамонликлари ҳақида нафақат риштонликлар, балки бутун халқимиз ўзгача фахр ва ифтихор билан эслайди. Унинг жасорати ёшларга намуна сифатида кўрсатилади.

Ғурур ва ифтихор тимсоли

Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига мислсиз кулфат ва балоларни келтирди. Миллионлаб одамлар ҳалок бўлди, шаҳар ва қишлоқлар харобага айланди, иқтисодиёт издан чиқди. Ана шундай катта йўқотишларга қарамай, фашизм устидан ғалаба қозонилди. Шубҳасиз, бу ғалабада ўзбек халқининг ҳам ҳиссаси беқиёс.

Рақамларга эътибор қиламиз: уруш арафасида Ўзбекистон аҳолиси 6,8 миллион кишини ташкил этган. Шундан қарийб икки миллион нафари фронтга кетган. Бу — ҳар уч нафар ўзбекистонликнинг бири урушда қатнашди, дегани. Улардан 540 минг нафарга яқини ҳалок бўлди, 158 минг нафардан кўпи бедарак йўқолди, 870 минг нафардан ортиғи турли жароҳатлар олди, 60 минг нафардан зиёди эса ногирон бўлиб қайтди. Фашизмга қарши курашда алоҳида жасорат кўрсатган 214 минг аскар ва офицеримиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. Уларнинг 301 нафари «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвонига, 70 нафари уч даражадаги «Шон-шараф» («Слава») орденига сазовор бўлди.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Уруш ортида меҳнат қилган юртдошларимиз хизматлари эса янада улкан.

Яна рақамларга мурожаат қиламиз. Уруш ичида қолган ҳудудлардан Ўзбекистонга 170 дан ортиқ завод ва фабрикалар кўчирилади ва қисқа муддатда уларнинг фаолияти қайта тикланади. Натижада халқимиз фронт учун жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берди.

1941 — 1943 йилларда Ўзбекистон аҳолиси мудофаа фондига 475 миллион рублдан ортиқ маблағ ва 22 миллион рубллик қимматбаҳо шахсий буюмларини ихтиёрий равишда топширди. Халқимиз уруш ҳудудларидан эвакуация қилинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонларга бошпана берди. Ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болага меҳр-оқибат кўрсатди.

Булар шунчаки статистик рақамлар эмас, бу — олийжаноб ўзбек халқининг жасорати, бағрикенглиги намунасидир.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

...2025 йил 7 май. Беларусь Республикаси, Круглое тумани. Яна бир тинч ва осуда тонг отди. Кимдир фарзандини боғчага, бошқаси мактабга кузатяпти. Ҳамма ўзининг ширин ташвиши билан банд. Муҳими, хотиржамлик ҳукмрон, бугунги ва эртанги осуда ҳаётдан кўнгиллар тўқ...

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Дунёнинг турли нуқталарида ана шундай барқарор тинчлик бўлишига ўзбек ўғлонлари ҳам ўз жасорати ва мардонавор ҳаракатлари билан ҳисса қўшгани ҳақида ўйласак, қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор тўлади.

Фазлиддин АБИЛОВ,

Нурлан УСМОНОВ,

«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари

махсус мухбирлари.

Тошкент — Минск — Круглое — Тошкент

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер