Фарзандлари мактабга қатнаётган ота-оналарга муҳим тавсиялар берилди

Бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова шу ҳақда ва коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бошва саволларга жавоб қайтарди.
Савол: Фарзандлари мактабга қатнаётган ота-оналарга қандай тавсиялар берасиз?
Жавоб: Ота-оналар:
— аввало, фарзандини мактабга юборишдан олдин уларнинг соғлигига ва руҳий ҳолатига албатта эътибор беришлари керак;
— шу ўринда психологлар тарафидан бундай узоқ карантиндан чиқиш учун вақт (камида уч ҳафта) талаб этилишини инобатга олиб, сиздан боланинг руҳий ҳолатига эътибор беришингизни сўралади;
— фарзандингизга ўтган вақт давомидаги ўзлаштирмаган билимларига етиб олишида пайдо бўлиши мумкин бўлган стрессни енгишга кўмаклашиш керак;
— карантин таътилидан кейин бола мактабда ёмон баҳолар олиши мумкин. Бундай ҳолатда унга танбеҳ бермасликка ҳаракат қилинг. Чунки ўзингиз билмаган ҳолда фарзандингизнинг кучли томонига бўлган ишончини йўқотишига сабабчи бўлиб қоласиз;
— фарзандингизнинг соғлиғини кузатиб боринг ва агар унда касаллик белгилари (юқори тана ҳарорати, ҳансираш, йўтал, ҳид ва таъм сезмаслик, қоринда оғриқ, ич кетиши) пайдо бўлса, уни таълим муассасасига юборманг;
Шунингдек, фарзандларингизга қуйидаги гигиена қоидаларини ўргатинг:
— қўлларини совун ва тоза сув билан тез-тез ювиб туриш;
— совун ва сув бўлмаса, қўллар учун спирт таркибли дезинфекция воситасидан фойдаланиш (спирт миқдори камида 70 фоиз бўлиши керак);
— фақат тоза ичимлик сувини ичиш;
— жамоат ҳожатхоналари ҳамда уйда ҳожатхона тозалигига эътибор бериш ва фойдаланиш тартибига риоя қилишни;
— чиқиндиларни хавфсиз ҳамда тўғри йиғиш, сақлаш ва утилизация қилиш кўникмалари;
— нафас олиш гигиенасига риоя қилиш: йўтал ва аксирганда оғиз-бурунни мато ёки тирсак ёрдамида тўсиш;
— кафт билан юзга, кўзларга, оғиз ва бурунга тегмаслик.
Таълим муассасаси маъмурияти ва педагоглари билан маълумот алмашиниш мақсадида доимий мулоқотда бўлиб, мактаб хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан танишиб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинг.
Савол: Фарзандим поликлиникада бронхиал астма ҳамда сурункали пиелонефрит ташхиси билан диспансер назоратда туради. Мактабга чиқарайми ёки онлайн таълим олгани маъқулми?
Жавоб: Агар фарзандингиз йил давомида тез-тез шамоллаб турса ва унда сурункали касалликлари бўлса, фарзандингиз хавф гуруҳига киради.
Шунинг учун Сиз унинг саломатлиги учун онлайн таълим олишни танлаганингиз маъқул.
Чунки бундай болалар касаллик юқтириб олиши осон ҳамда унга касаллик юққан даврда ҳам оғир кечиши хавфи бор.
Шунингдек, сурункали касалликлари бор болалар шифокорлар назоратида доимий даволанишни давом эттиришлари керак бўлади.
Савол: Фарзандимнинг аллергияси бор, куз-баҳор ойларида аллергик йўтал безовта қилади. Унга коронавирус юққанини қандай билсам бўлади?
Жавоб: Куз-баҳор мавсумининг бошланиши, ҳаво ҳарорати совиб бориши билан айрим касалликлар юзага чиқади. Булар орасида, айниқса аллергия касаллиги кўпчиликни безовта қилади.
Аллергик йўтал узоқроқ давом этади ва мавсумий бўлади. Аллергия мавсумий касаллик бўлганлиги сабабли шу даврда бемор ўзининг аллерголог шифокори билан маслаҳатлашиб туриши керак.
Коронавирус касаллиги йўталдан ташқари бир қатор симптомлар билан кечади. Масалан, тана ҳарорати кўтарилиши, мушакларда оғриқ, нафас қисиши, таъм ва ҳид йўқолиши ва ҳоказолар.
Агар фарзандингизда йўталдан ташқари шу белгилар намоён бўлса ҳудудий поликлиникага мурожаат қилинг. Чунки аллергия фонида келадиган коронавирус касаллиги нафас сиқиши каби аломатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун фарзандингизда касаллик аломатлари кузатилса дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг