Фарғонанинг сархил мевалари хорижда ҳам харидоргир

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Каримжон Ашуров асл деҳқон. Қувада бу оилани ер илми миришкори сифатида билишади. Каримжон ака узоқ йиллар бўш ётган қир-адирларда интенсив боғ барпо этишга киришганида кўпчилик бунинг истиқболига ишонмаганди. Аммо у ортга чекинмай, астойдил меҳнат қилиш орқали эзгу ташаббусни амалга оширди. Туркия тажрибаси асосида бунёд этилган 90 гектарлик интенсив ўрик боғи тўлиқ мевага кирган. Замонавий илм-фан ютуқлари, инновация ғоялари асосида етиштирилаётган ўрик меваси хорижда ҳам харидоргир.
Кейинги йилларда Фарғона боғларида шарбатга тўлиб пишадиган Риштоннинг қандак ўриги, Қува анори, Олтиариқ узуми, Қўқон ва Қувасойнинг қашқар гилослари экспорти салмоғи ҳам тобора ошиб бормоқда. Айни пайтда вилоятда 49 минг гектардан ортиқ боғлар мавжуд. Жорий йилда 5 минг гектар кам ҳосилли боғлар ўрнида интенсив боғлар ташкил этиш мақсад қилинган. Бу борада фермер ва деҳқон хўжаликлари, ихтисослашган илмий марказлар олимларининг фаол ҳамкорлиги самараси ҳам йилдан йилга яхшиланмоқда.
— Ҳозирги кунда маҳаллий ҳамда хориждан келтирилган ўрикнинг 9 та, шафтолининг 13 та, узумнинг 5 та нави бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, — дейди академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтининг Фарғона илмий тажриба станцияси директор ўринбосари Адҳамжон Маҳмудов. — Бундан кўзланган мақсад вилоятимиздаги боғларда турли навларнинг экологик синовини ўтказиш орқали серҳосил, меваси юқори сифат кўрсаткичларга эга, экспортбоп, касалликларга чидамли янги навларни яратиш ҳамда уларни парваришлашнинг агротехнологик асосларини ишлаб чиқишга қаратилган.
Мазкур илмий марказда сўнгги йилларда ўрикнинг «Боборажаби», «Чимён Эргашқандак», шафтолининг «Муяссар», беҳининг «Мушкбеҳи», «Олмабеҳи» навлари яратилиб, ушбу навлар давлат реестрига киритилди. Ҳозирги кунда олма, беҳи ва шафтоли навлари ҳосили мева экспортида салмоқли ўринга эга. Марказ олимлари томонидан унумдорлиги паст тош-шағалли ерларда олма, узумнинг серҳосил навларини кўпайтириш ҳамда яхши даромад олиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳам эътиборга молик. Назарий билимлар ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда экиш учун станцияда сифат сертификатига эга 45 минг туп узум, 4 минг туп олма, 3 минг туп ўрик, 2 минг туп шафтоли кўчатлари етиштирилди.
Риштон туманидаги 2,5 минг гектар ўрикзорнинг 1,1 минг гектари қандак ўрик боғларидир. Бугунги кунда туманда 20 га яқин экспортёр корхоналар фаолияти кўрсатади. Улар томонидан МДҲ, Осиё, Европа давлатларига маҳаллий боғлар маҳсулоти экспорт қилинмоқда. Олтиариқда узум экспорти салоҳиятини янада ошириш мақсадида жаҳон бозорининг энг харидоргир узум навлари олиб келиниб, маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилмоқда.
Ўтган йили Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 2,1 триллион сўмлик 462 та лойиҳа амалга оширилди. Шунингдек, 60,3 миллион доллар миқдорида халқаро молия институтлари кредитлари ҳамда хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Тармоқда 11 минг 200 та янги иш ўринлари яратилди.
— Фарғона туманининг «Дўстлик» МФЙ ҳудудида туркиялик инвесторлар томонидан 70 гектар тоғ олди қир-адирликларда янги саноатлашган интенсив боғлар барпо этилган бўлса, жорий йилда яна қўшимча 200 гектар майдонда боғлар ташкил этиш мақсад қилинган, — дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти бўлими бошлиғи Шермуҳаммад Нўмонжонов. — «Fergana Agro Cluster and Logistics» МЧЖ ҚК томонидан амалга оширилаётган лойиҳа қиймати 2,5 миллион доллар бўлиб, замонавий интенсив боғда ўрик, гилос, шафтоли ва олхўри каби экспортбоп мевалар етиштирилади.
Гўзал водийнинг Сўх табиати ҳам ортиқча таърифга муҳтож эмас. Пурвиқор тоғлар этагидаги кўҳна боғлар, хусусан, Мирзо Бобурдан мерос мевазорлар туман аҳли азалдан боғдорчилик ҳадисини олганидан далолат беради. Кейинги йилларда Сўх туманининг Жавпая массивида жойлашган тоғ олди қир адирликларда 210 гектар ерда интенсив ўрик боғи ташкил этилиб, 0,5 гектардан ишсиз оилаларга ажратиб берилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан адирликка оби зилол чиқарилиб, сув тежовчи технологиялар ўрнатилди. Бугунги кунда мазкур боғлар мевага кириб, боғбонлар меҳнати роҳатини кўрмоқда. Айни пайтда Қува, Олтиариқ, Қўштепа туманлари, қўйингки, вилоятнинг барча шаҳар-туманларида интенсив боғлар барпо этилиб, ширин-шакар меваларимиз ўнлаб давлатларга экспорт қилинмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг