Фарғонага илм излаб келган ҳинд қизи
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ҳаётбахш ислоҳотлар самараси сифатида 2020 йили ўз фаолиятини бошлаган Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти дунёнинг 40 га яқин олий таълим муассасалари билан ўқув, илмий ва маърифий соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини тобора кенгайтириб бормоқда. Таълим муассасаси 2023 йили дунёнинг «Топ —1000» талик олий билим даргоҳлари рўйхатига киритилган.
Жорий йилнинг январида институт таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида аккредитация ва сифатни таъминлаш бўйича Евроосиё маркази (ЭCА) томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди. Бу эндиликда халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Жаҳон тажрибаси асосида институтнинг кўп тармоқли клиникаси ҳам ташкил этилган бўлиб, бу ерда аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида маслаҳатлар бериш, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга бепул тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликлар профилактикаси, ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ўз навбатида институт клиникаси бўлимларида профессор-ўқитувчилар, талабалар, магистрлар ва клиник ординаторларнинг амалиёт ўташи учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Бугунги кунда институтнинг бакалавриат йўналишида 5000 нафардан зиёд талаба таҳсил олади. Қувонарлиси, уларнинг 1000 нафардан ортиғи хорижлик талабалардир. Шу билан бирга 20 нафарга яқин хорижлик педагоглар ҳам ишга жалб этилган.
Айни кунларда институтда Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Канада, Россия, Афғонистон, Нигерия, Қирғизистон ва Тожикистон каби 10 дан ортиқ давлатлардан келиб таълим олаётган йигит-қизлар бор. Ҳиндистонлик аълочи қиз Шрути Шрее иккинчи босқич талабаси. У ўқиш учун ушбу институтни танлаганидан беҳад мамнун.

— Ўтган қисқа даврда Ўзбекистон иккинчи уйимга айланди, — дейди ҳиндистонлик талаба. — Фарғона табиати, меҳмондўст ва самимий инсонлари менга ёқиб қолди. Дарслар халқаро талабларга мувофиқ тўлиқ инглиз тилида ўтилади. Шу тариқа институт нафақат тиббиёт соҳасида чуқур билим олиш, балки профессионал ва шахсий ривожланишим учун ҳам катта имкониятлар яратмоқда.
Бу ерда ўқув жараёни юқори даражада ташкил этилган бўлиб, назарий билимларни замонавий лабораториялар ва амалий машғулотлар орқали мустаҳкамлаб бориш имкониятига эгамиз. Профессор-ўқитувчилар жуда билимли, меҳрибон ва ҳар доим бизга ёрдам беришга тайёр. Уларнинг ҳар бир дарси келажакда ҳақиқий профессионал шифокор бўлишга ундайди.

Институтда хориждан келган талабалар учун жаҳон андозалари даражасида замонавий шароитлар яратилган. Ётоқхоналар қулай ҳудудда жойлашган. Ўқув бинолари энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар, технологиялар билан жиҳозланган. Мунтазам равишда ўтказиладиган илмий ва маданий тадбирлар ёрдамида турли миллат вакиллари билан дўстлашиш, янги маданиятларни ўрганиш имконига эга бўлмоқдаман. Айниқса, халқингизнинг миллий қадрият ва анъаналари, байрамлари ўзига хос.
Профессор-ўқитувчиларимиз бошчилигида ҳудудларда бепул тиббий кўриклар ўтказиб, назарий билимларимизни амалиётда мустаҳкамлаб бораётганимиз ҳам эътиборга лойиқ. Дуал таълим тизими бўйича институтдаги клиникада малака ошириб, бир пайтнинг ўзида ҳам ўқиш, ҳам бўлажак шифокор сифатида фаолият олиб бориш учун барча шароитлар муҳайё этилган. Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг талабаси бўлганимдан фахрланаман. Келажакда шифокор сифатида Ҳиндистонда қадрдон таълим даргоҳи брендини оширишни устувор вазифаларим сирасига киритиб олганман.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг