Фарғонада Жанубий Кореяда ишлаш учун малакали мутахассислар тайёрлайдиган марказ очилди

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Жанубий Кореянинг Улсан метрополитен шаҳри мери Ким Ду Гём бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятига ташриф буюриб, ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш бўйича юзма-юз мулоқотлар ўтказилди.
Фарғона вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда қайд этилганидек, бугунги кунда вилоятда Жанубий Корея капитали иштирокида 48 та корхона фаолият кўрсатмоқда. 2024 йили ушбу мамлакат билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳаларда 55,4 млн. доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
Ўз навбатида, Улсан метрополитен шаҳри мери Ким Ду Гём Фарғона вилояти билан миграция, саноат, таълим ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди. Меҳнат, таълим визаларини йўлга қўйиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Шу йилнинг июль ойида Улсан шаҳри тадбиркорларидан иборат делегациянинг амалий ташриф билан Фарғонага келишига келишиб олинди.
Учрашувда Фарғона вилояти ва Улсан метрополитен шаҳри ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.
Мулоқотлар давомида Фарғона шаҳрида Улсан шаҳрига малакали мутахассисларни тайёрлаш марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Улсан метрополитен шаҳри мери Ким Ду Гём, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ушбу ҳамкорлик кўлами йилдан йилга кенгайиб боришига ишонч билдирди.
— Ҳамкорлик меморандумига кўра, номзодлар Улсан шаҳрига малакали мутахассисларни тайёрлаш марказида 3 ойлик касб ва тил ўрганиш курсларида ўқийди, — дейди Миграция агентлиги Фарғона филиали бош мутахассиси Баҳромжон Ҳайдаров. — Ўқув курсини тамомлаган ёшларга Улсан шаҳар ҳокимлиги тўғридан-тўғри ишчи виза беришни йўлга қўяди ва «Hyundai» кемасозлик компаниясига ишга жойлаштиради.
Лойиҳа доирасида «Hyundai» кемасозлик заводида ишлаш истагини билдирганларнинг 365 нафари имтиҳонларда қатнашди ва 202 нафари саралашдан муваффақиятли ўтди. Биринчи босқичда 105 нафари ўқимоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг