Фарғонада замонавий “IT-Park” бунёд этилмоқда

15:57 18 Сентябр 2025 Жамият
58 0

Фарғона вилоятида ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, хусусан, улар меҳнат бозорида тобора талаб ва эҳтиёж ошиб бораётган ахборот технологияларини ўрганиши учун замонавий қулайликлар муҳайё қилинмоқда.

Айни жараёнда жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатишга мўлжалланган  “IT-Rark” мажмуалари барпо этилиб, баркамол авлод учун шинам офислар, дастурлаш, робототехника, 3D графика, дизайн хоналари ҳамда янги касблар ва хорижий тилларга ўргатиш марказлари очилмоқда.

Фарғона шаҳрида шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида қурилаётган “IT-Park Farg'ona” мажмуаси ҳам бу борадаги эътибор ва рағбатнинг яна бир намунасидир. Янги мажмуа Абдулла Қодирий мавзесидаги “Ўзбектелеком” АКга қарашли эски алоқа уйи биноси ўрнида қад ростлайди. Ҳозир бу ерда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

— Кўп қаватли бино 80 дан ортиқ хонадан иборат бўлиб, умумий қуввати 1 минг 500 ўринга мўлжалланган, — дейди “IT-Park” Фарғона филиали раҳбари Баҳромжон Жалилов. — Шу тариқа бу ерда келажагимиз ворисларининг ахборот технологияларини ўрганиши учун барча шароит яратилади.

Айтиш жоиз, бугунги кунда Фарғона шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массиви – Экошаҳарда ҳам яна бир “IT-Park” мажмуаси қурилиши жараёни қизғин давом этмоқда. Ушбу марказда ҳам вилоят ёшлари учун ахборот технологиялари соҳасини пухта ўрганиш, мазкур йўналишда хизматлар экспортини йўлга қўйиш ҳамда хорижий ҳамкорлик кўламини ошириш мақсад қилинган.  

Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?