Юксак минбардан янграган конструктив таклифлар

10:16 26 Сентябр 2025 Сиёсат
114 0

Ўзбекистон яқинда ўзининг саксонинчи сессиясини ўтказиб, унга дунёнинг 140 дан ортиқ давлат раҳбарларини йиққан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганига 33 йил тўлган бўлса-да, амалда мамлакатимиз она сайёрамизнинг ушбу олий минбаридан глобал муаммолар ечимига оид конструктив ташаббусларни юртимизда шиддатли ислоҳотларга старт берилган 2016 йилдан сўнггина дадил илгари сура бошлади. Давлатимиз раҳбарининг кейинги йилларда бутун дунё аҳлини ташвишга солаётган масалалар ҳамда ташкилотнинг барқарорлигини таъминлашга доир таклифлари асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилингани фикримизнинг ёрқин далилидир.

БМТ минбаридан янграган нутқларида давлатимиз раҳбари минтақавий хавфсизлик, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган муҳим сиёсий баёнотлар билан чиқиб, БМТ фаолиятининг барча йўналишига оид ўта долзарб ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида нутқ сўзлар экан, мазкур йиғилиш шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазият шароитида ўтаётганини, бу, ўз навбатида, ҳар бир аъзо давлатдан ташкилот фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашни тақозо этаётганини таъкидлади. Мисли кўрилмаган даражадаги ишонч инқирози, ҳарбий тўқнашувлар кўламининг кенгайиши туфайли мулоқот ва музокаралар йўлаклари тобора ёпилиб қолаётган бир шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти муроса минбарига айланиши зарурлигини эътироф этди.

Президентимиз “Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз” дея Ўзбекистоннинг “БМТ — 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини, Келажак учун пактга қатъий содиқлигини тасдиқлади.

Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги ютуқларига тўхталар экан, иштирокчилар эътиборини аниқ рақамлар асосида янги Ўзбекистон сиёсатининг бош йўналиши инсон, унинг қадри ва фаровонлиги эканлигига қаратди. Камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқариб, мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизгача, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизгача ўсганини айтиб ўтди.

Шунингдек, Президентимиз 8 йил муқаддам мазкур юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантириш бўйича қатъий қарорга келганимизни эълон қилганини эслатди ва чуқур мамнуният билан бу стратегик мақсадга эришилганини таъкидлади. Хусусан, минтақада сўнгги йилларда ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми беш баробар ошганлиги, қўшма жамғармалар ва лойиҳалар ташкил этилгани, минтақа давлатлари етакчиларининг Маслаҳат учрашувлари эса сиёсий мулоқот механизмига айлангани қисқа фурсатларда ўз самарасини берганини эътироф этди.

Мамлакатимиз раҳбари олий минбардан туриб, дунё ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Афғонистон масаласига қаратди. Ушбу мамлакат халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимлигини таъкидлади.

Бугун Ер юзида сув тақчиллиги босим воситасига айланиб бораётгани сир эмас. Ушбу муаммо барча минтақаларда долзарблигича қолиб, Марказий Осиё мамлакатларига ҳам дахл этади. Президент Шавкат Мирзиёев Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилганини таъкидлаб, “мазкур анжуман якунлари бўйича сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш мўлжалланмоқда”, деди. Бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида “Йўл харитаси”ни қабул қилиш ниятида эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, Президент Орол денгизи муаммосига ҳам тўхталиб, Ўзбекистонда сўнгги йилларда унинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонга шўрга чидамли ўсимликлар экилгани, 2030 йилгача эса бу ҳудуднинг 80 фоизини яшил қоплама билан қоплаш режалаштирилганини айтиб ўтди. Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозимлигини эслатди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари экологик таҳдидлар рўйхатида иқлим миграцияси муаммосига ҳам тўхталиб, уни тартибга солиш учун халқаро-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишни таклиф этди.

Президентимиз мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизми яратишни таклифини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлигини таъкидлади. Шу билан бир қаторда, “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини билдирди. Бу таклиф мамлакатнинг “юмшоқ куч” концепциясига мос келади, бунда ёшларга келажакнинг асосий агенти сифатида қаралади.

Шунингдек, яқин ойларда кенг минтақамиз учун ноёб бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини очишимизни эълон қилиб, буюк аждодларимиз — мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш ниятини билдирди. Бу эса Ўзбекистоннинг маданиятлараро мулоқот ва маърифий ислом маркази сифатидаги собитқадамлигининг энг юқори минбардаги ифодасидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президент Шавкат Мирзиёев нутқида Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий масалаларга оид аниқ, принципиал ва дунё аҳлини ўзаро ҳамжиҳатликка чорловчи позицияси тўлақонли ифода этилди. Бу мамлакатимизнинг изчиллик билан ривожланиб, БМТ ҳамжамиятидаги кузатувчи давлатдан — тараққийпарвар Қояларнинг фаол ташаббускорига айланиб бораётганини кўрсатади.

Муҳиддин КАЛОНОВ,

Навоий давлат университети ректори вазифасини бажарувчи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?