Фарғонада «Ватан манзумаси» номли адабий-маърифий тадбир ўтказилди

11:45 07 Июнь 2024 Жамият
286 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номли вилоят театр-концерт саройида ватанпарварлик, мардлик ва жасорат каби халқимизга хос энг эзгу фазилатларни намоён этувчи «Ватан манзумаси» номли адабий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда вилоятнинг барча шаҳар-туманларидан ташриф буюрган турли соҳа вакиллари, ҳарбий хизматчилар, навқирон авлод вакиллари иштирок этди. Тадбирда тинч-осойишта ҳаётни қадрлаш, Ватан, мардлик ва жасоратни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради. Мумтоз рақслар шодон даврага янада файз бахш этди.

Маданият, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда марҳум ва замондош шоирларнинг шеърлари ёш ижодкорлар томонидан ўқиб берилди. Ўз навбатида ёш шоирлар ўз ижод намуналарини йиғилганлар эътиборига ҳавола этишди.

— Фарғона ижодкорлар юрти, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Баҳодир Исо. — Бундай тадбирлар нафақат ватанпарварлик ва элпарварлик хислатларини юксалтиради, балки ижодкорлик туйғуларини тарбиялашга ҳам хизмат қилади. Шу боис бу сингари адабий-бадиий учрашувларни доимий равишда ўтказиб бориш ғоятда аҳамиятлидир.

Бугунги тадбирда севимли санъаткорларимизнинг юрт, она мавзусидаги қўшиқлари, театр ва кино санъати вакиллари ҳамда ҳарбийларнинг чиқишлари барчани мамнун этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?