Фарғонада “Устозлар миллий форуми” бўлиб ўтмоқда

15:31 14 Август 2025 Жамият
141 0

Фарғона шаҳрида “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи” шиори остида “Устозлар миллий форуми” ўтказилмоқда. Анъанавий равишда янги ўқув йили олдидан ташкил этиладиган ушбу тадбир доирасида соҳага оид янгиликлар, илғор услуб ва тажрибалар муҳокама қилинади. Янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари сарҳисоб этилиб, энг муҳим устувор вазифалар белгилаб олинади.

Бу йилги форум мобайнида вилоятдаги 400 нафарга яқин ўқитувчилар иштирокида икки кун семинар-тренинглар ўтказилиб, юзма-юз мулоқотларда ўзаро тажриба алмашиш мақсад қилинган.

Айтиш жоиз, айни пайтда Фарғона вилоятидаги 955 та умумтаълим мактабида 688 минг нафар келажагимиз ворислари таълим-тарбия олмоқда. 2024-2025 ўқув йилида 47 минг нафардан зиёд ўқувчи мактаб таълимини якунлаб, катта ҳаётга йўлланма олди. Қувонарлиси, бу йилги битирувчиларнинг 1320 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасалари талабаси бўлди. 4 минг 461 нафар битирувчи ўғил-қизлар тил билиш сертификатларини қўлга киритди.

Шунингдек, аъло баҳоларга ўқиган 1269 нафар битирувчи олтин, 289 нафари эса кумуш медал билан тақдирланди.

— 2025 йилги Инвестиция дастури доирасида 31 та таълим ташкилотида 323,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, —дейди Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ихтиёр Маҳкамов. — Бу йил барча дастурлар доирасида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш учун 423 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган.

Ўз навбатида устозларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш ишлари ҳам доимий эътиборда. Бугунги кунда вилоятда 22 нафар ўқитувчи ойига 20-25 миллион сўм, 2 минг нафарга яқини 12-13 миллион сўм иш ҳақи олмоқда. Айни жараёнда жаҳон тажрибасини кенг оммалаштириш мақсадида Фарғона вилояти умумтаълим мактабларига Япония, Франция, Филиппин, Россия каби бир қатор хориж давлатларидан маҳоратли педагоглар жалб этилган.

Ботир МАДИЁРОВ,

«Халқ сўзи».  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер