Фарғонада тез тиббий ёрдам ходимлари учун замонавий ўқув маркази иш бошлади

11:14 07 Январь 2026 Жамият
175 0

Республика тез тиббий ёрдам марказининг Фарғона филиалида ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга ихтисослашган янги ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади.

Жаҳон андозаларига мос, энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган мазкур марказда нафақат Фарғона вилояти, балки бутун Фарғона водийсидаги тез тиббий ёрдам соҳаси мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш кўзда тутилган. Янги марказда йил давомида 7 минг нафардан зиёд ходимнинг илмий-амалий маҳоратини юксалтириш режалаштирилган бўлиб, ўқув жараёнида Жанубий Корея тажрибасидан кенг фойдаланилади.

Шу мақсадда Фарғона водийсининг ҳар бир вилоятидан тўрт нафардан соҳа вакили Жанубий Кореяда малака ошириб келди. Улар замонавий ўқув-услубий жиҳозлардан фойдаланиш ҳамда тез тиббий ёрдам соҳасидаги илғор ёндашувлар бўйича амалий тажриба орттирди.

— Янги марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун тахминан 700 минг доллар маблағ йўналтирилди, — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали директори ўринбосари Азаматжон Абдураҳмонов. — Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда тиббиёт соҳасини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш мақсадида ушбу лойиҳа доирасида Жанубий Корея томонидан 1 миллион доллар миқдоридаги грант маблағи ҳам жалб этилмоқда.

Бу яқин келажакда марказ фаолиятини янада кенгайтириш, нафақат тиббиётнинг бошқа ихтисослашган йўналишлари, балки ички ишлар органлари, фавқулодда вазиятлар хизмати ҳамда Шарқий ҳарбий округ хизматчиларининг ҳам тизимли равишда малакасини ошириш имконини беради. Шунингдек, эзгу ташаббус доирасида Фарғона вилоятидаги икки нафар тиббиёт олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Ўқув маркази очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Республика тез тиббий ёрдам маркази вакиллари ҳамда кореялик мутахассислар иштирок этди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер