Президент Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди

16:43 13 Январь 2026 Сиёсат
284 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳарбий округлар қўмондонлари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари, бошқа идоралар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари нутқининг асосий жиҳатлари:

• тез ўзгарувчан минтақавий ва глобал вазиятни ҳисобга олган ҳолда мамлакатнинг ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини янада мустаҳкамлаш зарурлиги тасдиқланди;

• мудофаа соҳасида хавф-хатар ва таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ва проактив ёндашувга ўтиш вазифаси қўйилди;

• Қуролли Кучларнинг модернизацияси мобиллик, технологик жиҳозланганлик ва бошқарув самарадорлигини оширишга, рақамли ечимлар ва замонавий технологияларни кенг қўллашга таяниши кераклиги қайд этилди;

• мудофаа саноатини янада ривожлантириш, унинг технологик даражаси ва барқарорлигини ошириш, рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишнинг устувор йўналишлари белгиланди;

• армиянинг инсон капиталини ривожлантириш ва ҳарбий таълим тизимини янада такомиллаштириш, жумладан, ўқув жараёнини Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети негизида рақамли ва интеллектуал таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди;

• ҳарбий-илмий ва инфратузилмавий базани мустаҳкамлаш, муҳандис-техник ва кибермутахассисларнинг янги авлодини тайёрлаш учун шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди,

• саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилдаги Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келгани кўрсатиб ўтилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер