Фарғонада Россия тажрибаси асосида рақамли касблар техникуми фаолияти йўлга қўйилади

13:24 28 Май 2025 Жамият
74 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Халқаро илмий-тадқиқот марказлари мутахассисларининг эътироф этишича, шиддат билан ривожланаётган бугунги глобаллашув даврида баъзи касбларга бўлган ҳаётий эҳтиёж тобора камайиб бораверади. Ўз навбатида, сунъий интеллект, замонавий-ахборот технологиялари билан ишловчи келажак касблари шаклланади. Бу яқин истиқболда меҳнат бозори талаб ва таклифи асосида рақобатдош кадрлар тайёрлаш кўламини ошириб боришни тақозо этади.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Россиянинг «Синергия» корпорацияси вице-президенти Михаил Ерофеев ўртасида бўлиб ўтган учрашувда рақамли касблар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Юзма-юз мулоқотда Россиянинг йирик таълим ва инновацион кластери — «Синергия» корпорацияси фаолиятига оид тақдимот ўтказилди. Россиялик мутахассислар жаҳон бозорида рақобатдош мутахассислар тайёрлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар хусусида маълумот беришди.

— Тақдимотда таъкидлаб ўтилганидек, ушбу кластер 50 дан зиёд турли йўналишдаги ташкилотларни битта тизимда жамлаган, — дейди Фарғона вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов. — Ушбу тузилма таълим, технологик ресурслар, маркетинг, сотув ва ўқув жараёнларини бошқариш соҳаларида катта ҳаётий тажрибага эга.

Фарғонада замонавий мезонлар асосида ҳамкорлик кўламини кенгайтириб бориш режалаштирилаётгани янги авлод мутахассислари тайёрлашда жуда қўл келади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?