Фарғонада қад ростлаётган юртимиздаги илк экошаҳар қурилишининг биринчи босқичи якунланмоқда

16:12 14 Июнь 2024 Жамият
405 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бугун кўз ўнгимизда дунёнинг мегаполис шаҳарлари билан бўйлашаётган Фарғона шаҳрининг ўзига хос янги тимсоли яратилмоқда. Унда бир пайтнинг ўзида шарқона латофат, замонавий шаҳарсозлик ва ландшафт архитектураси анъаналари ўзаро уйғунлаштирилиб, тарих сўқмоқларидан мардонавор ўтиб келаётган кўҳна кентимиз тобора муҳташамлик ва улуғворлик касб этиб бораётир.

Айни кунларда Фарғона шаҳрининг яқин йилларгача яйраб бир гиёҳ унмаган, тош-шағалдан иборат дашт ҳудудида бошланган экошаҳар қурилишининг биринчи босқичи якуний паллага кирди. Бундан икки-уч йил аввал шу ерда замонавий шаҳар қурилишига кўпчилик ишонмаган эди. Ўтган қисқа даврда орзулар ҳаётий ҳақиқатга айланди.

Замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида қад ростлаётган экошаҳарда 300 гектар майдонда 80 минг аҳоли яшашига мўлжалланган 7, 9, 16 ва 25 қаватли уйларга ҳамоҳанг тарзда таълим, тиббиёт, спорт мажмуалари, боғ ва хиёбон, ҳордиқ масканлари, савдо, хизмат кўрсатиш, сервис шохобчаларини қуриш катта уюшқоқлик билан олиб бориляпти. Бунёдкорлик жараёнида қудратли техникалар, 50 дан ортиқ пудратчи корхоналар ҳамда 2 минг нафардан зиёд қурувчилар меҳнат қилмоқда. Ҳозирда биринчи босқичда белгиланган ишлар якунига етказилиб, 12 минг нафар ҳамюртларимизга яшаш учун энг қулай шарт-шароитлар муҳайё этилди.

Айтиш жоиз, экошаҳар қурилиши лойиҳаси мамлакатимизда ўхшаши йўқ – ноёб ва мукаммал ёндашув асосида ишлаб чиқилган бўлиб, бу борада экологик тоза, «яшил» иқтисодиётга асосланган инновацион ғоялар ва технологиялардан фойдаланишга эътибор қаратилган.

Шаҳарчадаги янги даҳа об-ҳавосини мўътадиллаштириш, доимий оби ҳаёт билан таъминлаш мақсадида умумий узунлиги 11 километр бўлган канал қурилиши якунига етказилди. Сув ресурсларидан унумли фойдаланиш мақсадида ариқлар бетонлаштирилиб, ақлли суғориш тизимлари жорий этилди.

Янги шаҳарчада сунъий кўл ва замонавий фавворалар қурилиши поёнига етказилди. Фарғона туманининг Дамкўл қишлоғидан 14,2 километр тоза ичимлик суви, 7,5 километр юқори кучланишга эга бўлган электр тармоқлари тортилди. 11,2 километр янги канализация қувурлари ишга туширилди. Истиқболли лойиҳалар дастурига кўра, бу ерда юзлаб болалар майдончалари ва ўйингоҳлар, 10 та боғча ва 6 та мактаб қурилади. 50 гектар майдонда кичик саноат зонасининг ишга туширилиши ҳисобига 20 мингдан зиёд иш ўринлари яратиш мақсад қилинган.

Айни жараёнда 420 ўринли 3 та мактабгача таълим ташкилоти, 990 ўринли 2 та умумтаълим мактаби, 250 қатнов ўринли марказий поликлиника қурилиши якунланди.

Экошаҳарда 70 гектар ерда «Янги Ўзбекистон» боғи ташкил этиляпти. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг ўзида 35 минг туп 20 хилдан ортиқ манзарали кўчатлар экилди. Эътиборлиси, эндиликда бундай кўчатларни катта маблағ эвазига четдан олиб келишга ҳожат қолмади. Ихтисослашган хўжаликлар, миришкор томорқачилар томонидан маҳаллий иқлим шароитига мос энг ноёб кўчатлар етказиб берилмоқда.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан белгиланган ишларни ўз вақтида, сифатли ва тизимли амалга ошириш мақсадида шу ернинг ўзида қурилиш штаби ташкил этилган. Штаб мутахассислари маълумотларига қараганда, 4 минг ўринли амфитеатр қурилиши бўйича сўнгги пардозлаш ишлари олиб бориляпти. Сунъий кўлда мусиқали фавворалар ўрнатилиб, Хитойдан 30 турдаги аттракционлар олиб келиняпти. Экошаҳардаги ички йўлларни Фарғона шаҳрини бошқа ҳудудлар билан туташтирувчи Ҳалқа йўлига боғлаш, жамоат транспорти қатнови учун шоҳбекат барпо этиш мақсадида амалий саъй-ҳаракатларга киришилди. Ўзбекистон Қаҳрамони, машҳур фермер Лолахон Муротова номидаги қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган мактаб бунёд этилаётир.

— Шу кунга қадар қуриб битказилган 4 та 7 қаватли уйларимизнинг биринчи қаватига хизмат кўрсатиш мажмуалари жойлаштирилган бўлса, том қисмида жаҳон андозалари асосида яшил масканлар ташкил этилиб, турли кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш жойлари барпо этиляпти, — дейди «Юлдуз» МЧЖ иш юритувчиси Райимжон Ортиқов. — Экошаҳардаги барча уйларда бўлгани каби бизнинг уйларда ҳам табиий газдан фойдаланилмайди. Қуёш панеллари, «ақлли» ва тежамкор жиҳозлардан фойдаланилади.

Ҳисоб-китобларимизга кўра, битта хонадонни иситиш учун бир оила ойига ўртача 35 минг сўм сарфлайди. Электр таъминоти учун ҳам имтиёз қўлланиб, белгиланган таърифнинг 50 фоизи миқдорида ҳақ тўлаш тизими жорий этилгани ҳам эътиборга лойиқ.

Ҳозирда хонадонларнинг бир квадрат метри харидорларга ўртача 4,5 – 5,5 миллион сўмдан, ипотека кредити, субсидия асосида олиш учун таклиф қилинмоқда. Ҳар бир кўп қаватли уй ҳовлисида болалар ва спорт майдончаси, Жанубий Корея тажрибаси бўйича қурилган ўриндиқлар мавжуд.

Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан янги уйларнинг ертўла қисмида кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 20 дан кўпроқ замонавий уй-жой қуриб, фойдаланишга топширилди.

«Марғилон бинокор таъмир» МЧЖ қурувчиси Ҳожиакбар Эркинов 19 ёшда. Бугунгача унинг бошидан кўп синовлар ўтиб, йиллар давомида уйсизлик азобидан қийналиб яшади. Устига устак I гуруҳ ногирони бўлган онаси Ҳамида Абдуллаева яхши парваришга муҳтож. Унга яқинда икки хонали ижтимоий уй бепул берилди.

— Янги уй қўшалоқ хурсандчиликлар туҳфа этди, — дейди Марғилон шаҳридан кўчиб келган Муқаддам Тиллабоева. — Экошаҳардаги хонадонимизда иккинчи қизимиз Хадичабону туғилди. Тинч, ям-яшил йўлаклар, сўлим хиёбонлар бўйлаб ҳар куни сайр қиламиз.

Экошаҳарда уй олувчига ҳам, қурилиш ташкилотига ҳам имтиёзлар бор. Банк кредити, субсидия ажратиш, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари билан боғлиқ масалаларни тез ва ўз вақтида ҳал этиш мақсадида шу ернинг ўзида Ипотека маркази қуриб битказилди.

Шу тариқа Экошаҳар кундан кунга кенгайиб, шаҳар ичидаги мегаполис шаҳарча мақомига эга бўлиб бормоқда. Айни жараёнда янгиланиш, тараққиёт ва истиқбол одимлари Фарғона шаҳрининг бугунги кўрку тароватига мос равишда ўзаро уйғунлик касб этиб бораётгани айни ҳақиқат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?