Фарғонада ҳар бир маҳалланинг ўз биноси бўлади

17:04 19 Март 2026 Жамият
264 0

Ватан – маҳалладан бошланади. Шу боис ҳаётимизнинг мазмун-моҳиятини белгиловчи мустаҳкам ва узилмас ришталар бевосита маҳалла билан боғлиқ.

Юртимизда кейинги беш йилдан буён 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни сифатида нишонланиши яхши анъанага айлангани бу борада халқимизнинг энг эзгу фазилатлари бардавом эканлигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, маҳалла асрлар мобайнида миллий қадрият ва анъаналаримизни безавол сақлаб келаётган эзгулик ҳамда тарбия маскани. Яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик ошиёни, инсон ҳамда жамият ўртасидаги ишонч кўпригидир. У дунёда ўхшаши йўқ ноёб тузилма. Биргина ана шу жиҳатларнинг ўзи ҳам маҳалла институти халқимизнинг асрлар мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадриабад қадрияти эканлигини англатади.

Бу йил мазкур сана қўшалоқ айёмлар туфайли янада файзли ўтаётгани барчамизни беҳад мамнун этади. Айни кунларда юртимизда Рамазон ҳайити, Наврўзи олам шукуҳи кезмоқда. Анъанавий равишда жорий йил 13 ва 14-март кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади” шиори асосида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Икки кунлик ҳашарда қарийб 12 минг гектар ер майдони ободонлаштирилиб, ҳудудларда 10 мингдан ортиқ кўчалар тозаланди, зиёратгоҳлар, тарихий-маданий обидалар тартибга келтирилди. Икки мингдан ортиқ кам таъминланган оилаларнинг уйи таъмирлаб берилди. Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар ва ёлғиз кексаларга 6,2 млрд сўмлик ёрдам кўрсатилди. Янги қуриб битказилган маҳалла биноси, маҳаллаларда болалар ва спорт майдончалари ва ёшлар марказлари фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш ўринлики, биргина “Рақамли маҳалла” платформаси орқали жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 9 мингдан зиёд ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланди. Икки ойда 2,5 мингдан кўпроқ оила “Камбағал оилалар реестри”дан чиқарилди. Айни пайтда шаҳар-туманларда камбағаллик даражаси юқори бўлган 110 та “оғир” тоифадаги маҳаллалар ҳамда “Янги Ўзбекистон қиёфаси”ни жорий этиш учун 4 та ҳудуд – Марғилон шаҳри, Қува, Ёзёвон ва Ўзбекистон туманларида кенг қамровли ишлар олиб бориляпти. Бу ҳудудларда “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ҳар бирининг ихтисослашуви белгиланиб, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар пакети шакллантирилди. Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, юздан ортиқ оғир маҳаллада 300 кВт қувватли кичик фотоэлектр станциялар қуриш учун зарур ер майдонлари аниқлаб олинди. Шу билан бирга, ҳудудларда ижобий натижа берган юқори даромадли тажрибалар оғир маҳаллаларга кўчирилиб, камида 50 та хонадонни бир йўналишда ихтисослаштириш чоралари кўрилмоқда.

Маҳаллалар бўйича комплекс дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳар бир маҳаллага бюджетдан ажратилаётган 3-5 млрд сўм маблағлар энг долзарб ва самарали лойиҳаларга йўналтирилади. “Янги Ўзбекистон қиёфаси” киритиладиган маҳаллалар ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилади. Ҳозирги кунда вилоятдаги 13 та МФЙ учун янги бинолар қурилиши бошлаб юборилган. Шу тариқа жорий йилда вилоятдаги 1017 та маҳалла тўлиқ ўз хизмат биносига эга бўлишига эришиш мақсад қилинган.

Ишсизликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш бўйича “маҳалла еттилиги”нинг фаоллиги эътиборга молик. Ўтган йили айнан еттилик фаоллиги билан 201 та МФЙ ишсизлик ҳамда 326 та МФЙ камбағалликдан холи ҳудудга айланди. Бу йил эса ушбу кўрсаткичлар янада яхшиланиши ва маҳаллалар кесимида рақамлар салмоғи ортиши аниқ.

Маҳаллалар инфратузилмаси масаласи ҳам доимий эътиборда. Бу йил вилоятда 123 та МФЙда электр таъминоти яхшилаш ҳамда 300 га яқин МФЙда саломатлик йўлакларини ташкил этиш чоралари кўрилади. Ички кўчаларга шағал ва асфальт ётқизиш ишлари бажарилади. 400 дан ортиқ маҳаллада ариқ тортиш, бетонлаштириш, тик қудуқ кавлаш ва сув минораси ўрнатиш ишларини амалга ошириш белгиланган. 10 га яқин МФЙда иссиқлик тизими барқарорлиги учун мавжуд тармоқларни янгилаш ва янги қозонлар ўрнатиш режалаштирилган. Хизмат кўрсатиш ва сервис фаолияти соҳасида 226 та МФЙда компьютер ҳамда 76 та МФЙда хорижий тиллар ва касб маркази ташкил этилади. Бу йўналишда тадбиркорлик ривожига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Шу фурсатдан фойдаланиб, соҳа жонкуярлари, ҳамкор ташкилотлар, барча-барча ҳамюртларимизни 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман. Қўшалоқ байрамлар шукуҳи мамлакатимиздаги ҳар бир оила, маҳаллага кириб бориб, эртанги кун истиқболи билан боғлиқ орзу-мақсадларимиз йўлида ғайратимизга ғайрат, шижоатимизга шижоат қўшаверсин.

Адҳамжон ЗИЯВУТДИНОВ,

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?