Фарғона вилоятига Эрон Ислом Республикаси компаниялари томонидан 38 миллион долларлик инвестиция киритилади

15:33 21 Июнь 2023 Жамият
568 0

Фото: “Халқ сўзи”

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Иқболжон Эргашев жорий йил 14-18 июнь кунлари Эрон Ислом Республикасида пойтахти Теҳрон шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Эрон бизнес-форумида иштирок этди. Юзма-юз мулоқотлар давомида эронлик тадбиркорлар билан бир қатор келишувларга эришилди.

Музокаралар натижасида Фарғона вилоятида Эрон сармояси иштирокида умумий қиймати 38 миллион долларлик 11 та инвестициявий, савдо-иқтисодий йўналишлардаги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Эрон Тадбиркорлар уюшмаси билан ҳамкорликда Фарғонада «Ўзбекистон-Эрон савдо уйи” ташкил этиладиган бўлди. Шунингдек, Фарғона вилояти билан Эроннинг Мозандарон устони (вилояти) ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди ҳамда кўп томонлама ҳамкорлик битими бўйича келишувга эришилди.

Таъкидлаш ўринлики, Мозандаронда текстиль, ёғочсозлик, қоғоз саноати, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги тармоқлари яхши ривожланган. Эндиликда ушбу йўналишларда ўзаро шерикликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилади.

Самимий учрашувлар давомида жорий йилнинг тўртинчи чорагида Мозандарон расмийлари ҳамда тадбиркорларидан иборат делегация Фарғона вилоятига ташриф буюриши режалаштирилди.

Ботир МАДИЁРОВ“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?