Фарғона шаҳарларида хавфсизликни таъминлаш учун дронлар ёрдамида патруллик амалга оширилади

12:55 27 Октябр 2025 Жамият
178 0

Фарғона вилоятида касб байрамига муносиб туҳфа сифатида ИИБ Тезкор бошқарув марказининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.

Ички ишлар органлари ходимлари куни тантанали равишда ўз фаолиятини бошлаган марказнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икрамовлар сўзга чиқиб, соҳа ходимларини қўшалоқ байрам билан самимий муборакбод этди.

Вилоят фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда соҳа фахрийлари иштирокида ўтказилган тадбирда янги ва замонавий қурилмалар, ахборот технологиялари ҳамда робототехникалар кўргазмали тарзда намойиш қилинди.

Янги марказ икки қаватдан иборат бўлиб, бу ерда ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ягона бошқарув тизими жорий этилди. Бу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, вазиятни тезкор таҳлил қилиш ҳамда ҳар қандай ҳодисага зудлик билан жавоб қайтариш имконини беради. Марказ фаолияти сунъий интеллектга асосланган илғор дастурлар ёрдамида ташкил этилади. Бундай қулайлик вазиятни зудлик билан таҳлил қилиш ҳамда тезкор қарор қабул қилишда муҳим аҳамиятга эга.

— Шунингдек, янги технологиялар ходимларнинг вақтини тежаш ҳамда аҳоли хавфсизлигини юқори даражада таъминлашга хизмат қилади, —дейди марказ раҳбари Элмурод Мўминов. — Ўз навбатида, марказда Фарғона вилояти ИИБ тизимида ташкил қилинган Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳам фаолият кўрсатади.

Айтиш жоиз, Тезкор бошқарув маркази фаолиятининг дастлабки босқичида вилоятда 134 нафар жиноят содир этиб қидирувда бўлган ва бедарак йўқолган шахслар, 29 та қидирувдаги транспортлар, 55 нафар йўқолган ва адашиб қолган шахслар ҳамда 481 нафар белгиланган чекловларга амал қилмаган назоратдаги шахслар масофадан туриб аниқланди. Шу билан бирга, 276 та жиноят тезкор равишда фош этилди.

Эътиборлиси, жаҳон андозалари даражасида жорий этилган янги тизим бўйича ички ишлар органларининг барча куч воситалари GPS тизими орқали назоратда бўлади. Фарғона вилоятининг 3 та шаҳри – Фарғона, Қўқон ва Марғилонда хавфсизликни таъминлаш мақсадида дронлар ёрдамида патруллик амалга оширилади.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер