Фарғонага ҳайвонот боғи керакми?

15:47 25 Май 2021 Жамият
1942 0

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги бир оилада шер боласи боқилаётгани бўйича хабарлар кенг тарқалди. Мутасаддиларнинг саъй-ҳаракати туфайли шер боласи Фарғона шаҳрида жойлашган ҳайвонот боғига топширилди. Хўш, бу борада катта ҳаётий эҳтиёж ўрнини тўлдириш учун Фарғонага ҳайвонот боғи керакми?

Айни пайтда вилоятда 3 млн. 800 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, унинг 675 минг нафари мактаб ўқувчилари, 200 минг нафари мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, олий ва ўрта махсус таълим тизимида қарийб 50 минг нафар навқирон авлод вакиллари тарбияланмоқда.

Биргина ана шу жиҳатнинг ўзи ҳам Фарғонага ҳайвонот боғи ниҳоятда зарурлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида 2016 йилнинг 30 декабрь куни вилоят марказида фаолият бошлаган «Фарғона ҳайвонот боғи» МЧЖ бугун базўр жон сақламоқда. Умумий майдони 3,2 гектарни ташкил этувчи ҳайвонот боғида ҳозирда 140 га яқин тур – 360 та ҳайвон, ҳаммаси бўлиб 1000 турдан кўпроқ ёввойи табиатда, қуруқлик ва сувда яшовчи жонзотлар сақланяпти. Уларни сақлаб туриш учун ҳар ойда ўртача 100 млн. сўм сарф-харажат қилинади.

Тўғри, 64 нафар ишчи-хизматчининг ойлиги бюджетдан тўланади. Аммо боғнинг инфратузилмаси ва моддий-техник базаси, илмий-тадқиқот ва селекция фаолиятини ривожлантириш, ҳайвонот дунёси коллекциясини сақлаш, тўлдириш ва бойитиш осон бўлаётгани йўқ.
Ҳайвонот боғини ривожлантириш концепциясида ҳар йили бу ерга 500 минг нафар одам ташриф буюриши ва 1,6 млрд. сўм даромадга эга бўлиш режалаштирилган.

— Мамлакатимизда Тошкент шаҳри, Сурхондарё ва Фарғона вилоятида ҳайвонот боғи мавжуд, — дейди «Фарғона ҳайвонот боғи» МЧЖ раҳбари Турсунали Мамажонов. — Биз нархни энг арзон — ҳар бир ўқувчи ёш учун 5 минг миқдорида белгилаганмиз. Лекин ташриф буюрувчилар сони бўйича Фарғона ҳайвонот боғи энг охирги ўринда.

Сабаби, ҳайвонот боғининг майдони жуда тор. Мурожаатлар асосида иккита-учта бошқа жойлар тавсия этилди, аммо боғни янги жойга кўчириш учун табиий шароитлари тўғри келмади. Боғнинг орқа ҳудудида бўш ётган бир гектар ер ҳокимлик қарори асосида олиб берилди. Аммо тадбиркор судга бериб, қарорни бекор қилдирди ва ерни қайтариб олди.

 

Фарғона вилояти ҳокимлигининг режа-жадвали асосида ҳайвонот боғига жорий йилнинг биринчи ярмида 58 минг ўқувчини экскурцияга олиб келиш белгиланганди. Тўғри, ҳозир пандемия шароити, лекин ўқув йили якунига етаётган шу кунларда бор-йўғи 26 минг ўқувчи жалб этилди. Хусусий мактабгача таълим ташкилотлари бироз фаол, аммо давлат боғчалари боғга умуман болаларни олиб келмайди.


Кунига 1000 нафар томошабин келса, 5 млн. сўм тушум бўлади. Шу орқали боғ фаолиятини бир маромда юритиш мумкин. Мисол учун, 26 минг нафар мактаб ўқувчиларидан тушган пулга боғда боқилаётган жониворларнинг уч ойлик озиқ-овқат захираси яратилди.

АҚШ, Европа, Корея Республикаси, Япония сингари дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги ҳайвонот боғлари, хиёбонлар, ҳордиқ масканларида яратилган шароитлар ҳайратга сазовор. Шу сабабли очиқ осмон остидаги музей сифатида эъзозланадиган ушбу масканларнинг йиллик бюджети ва даромади бир неча юз миллион долларни ташкил этади.

Аммо Фарғона ҳайвонот боғининг бугунги оғир иқтисодий аҳволида инфратузилмани такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва селекция фаолияти, боғ фондини сақлаш, бойитиш ва ўрнини тўлдириш ишларини тизимли ташкил этиш, таълим ва маданий-маърифий ҳамкорлик, ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш, аудио-гид хизматлари, электрон харита яратиш борасида мақтанарли бирор натижага эришилгани йўқ.

Хулоса ўрнида айтганда, Фарғонага ҳайвонот боғи керак. Ҳамма гап унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жаҳон андозлари даражасида ривожланиши учун рағбатлантиришда қолмоқда.

Ботир Мадиёров, 
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер