Фарғона футболи: янги авлод ўйинчилари тарбияланмоқда

15:29 23 Сентябр 2025 Жамият
71 0

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан кейинги йилларда спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш, инфратузилмасини яхшилаш, иқтидорли футболчиларни эрта аниқлаш ва профессионал спортга йўналтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда Фарғона шаҳридаги вилоят футбол академиясида 6–11-синфларда 7 та гуруҳда 154 нафар иқтидорли болалар малакали мураббийлар кўмагида маҳоратини оширяпти. Академия ҳудудида сунъий қопламали ва табиий стадион мавжуд. Ҳозирда машғулотлар майдони сонини кўпайтириш, томошабинлар учун янги ўриндиқлар ўрнатиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Шунингдек, бугунги кунда вилоят футбол мактабида 950 нафар келажагимиз ворислари “миллионлар ўйини” сирларини ўрганяпти. Уларга 20 нафардан зиёд мураббий бириктирилган.

Яқин йилларда мактабнинг сунъий қопламали майдони таъмирланиб, қўшимча машғулот майдони қурилиши кўзда тутилмоқда. Бу тарбияланувчилар учун янада қулай шароитлар яратади ҳамда машғулотлар самарадорлигини оширади.

— Бугун мамлакатимизнинг барча ёш тоифалари бўйича терма жамоаларида Фарғона футболи тарбияланувчилари бор, — дейди Фарғона вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти Носир Отақўзиев. — Ўз навбатида, сўнгги йилларда Европанинг етакчи жамоалари қошидаги футбол академияларида таҳсил олишга интилаётган ёшлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Вилоятимизда ҳам дунёнинг машҳур футбол жамоалари тажрибаси асосида ихтисослашган мактаблар ташкил этиляпти.

Аслида эзгу ташаббуслардан кўзланган мақсад шу: истиқболли ва иқтидорли футболчиларни тарбиялаш, тажрибали мураббийларни кўпайтириш ҳамда уларни турли ёш тоифасидаги миллий терма жамоага кўпроқ йўналтиришга қаратилган. Энг муҳими, яқин истиқболда жаҳон ареналарида рақобатдош янги футболчилар авлодини етиштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

  Бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар самараси сифатида Фарғона футболи фахри — “Нефтчи” клуби қароргоҳи замонавий инфратузилмага эга бўлди. Мажмуа ҳудудида 2 та янги футбол майдони барпо этилиб, эндиликда футболчилар 3 та жаҳон стандартларига мос стадионда машғулот олиб боришмоқда.

  Янгиланган базада футболчилар ва мураббийлар учун барча шароитлар — замонавий ошхона, машғулот заллари, сузиш ҳавзаси, тиббиёт хонаси ва бошқа зарур иншоотлар ташкил этилди. Шунингдек, бу ерда асосий жамоа билан бирга 19, 21 ёшлилар ҳамда аёллар жамоалари учун ётоқхоналар, машғулот майдонлари, спорт заллари ва ўқув хоналари фаолияти йўлга қўйилди.

  — Туманда футбол инфратузилмаси тобора яхшиланиб бораётир, —дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари Шероз Мирзаалиев. — Спорт мактабининг қўшимча базасидаги бўш ер майдонида давлат-хусусий шериклик асосида иккита ёпиқ футбол майдони барпо этилди.

  Лойиҳа қиймати 2 млрд 400 млн сўмни ташкил этиб, бу янги авлодга йил мобайнида футбол билан шуғулланиш имконини беради. Шу мақсадда стадионлар замонавий ёритиш тизими, сунъий қоплама ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди.

  Бир сўз билан айтганда, бугун Фарғона футболи ривожланишнинг янги босқичида. Яқин истиқболда бу дунё футболи юлдузларини тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиздир.  

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».                                                                

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?