ФарДУ футбол жамоаси Биринчи лигага йўлланма олди

14:37 18 Декабрь 2023 Спорт
1454 0

Имомали Ҳасанов олган сурат

Фарғона давлат университетида Президентимизнинг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида муайян ишлар амалга ошрилмоқда.

Жумладан, университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ташаббуси билан олийгоҳда янги жамоа тузилиб, миллионлар ўйини бўлган футболни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратила бошланди.

Эътиборли жиҳати, 5 карра Ўзбекистон чемпиони, 2 карра кубок соҳиби, 1994 йилги Осиё ўйинлари чемпиони, 1997 йилги жаҳон терма жамоаси аъзоси, “Шуҳрат” медали совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Сергей Лебедов ушбу жамоага бош мураббий этиб тайинлангач, натижалар ва ютуқлар кўлами ортиб борди.

Яқинда Фарғонада старт олган футбол бўйича вилоят биринчилиги — Иккинчи лига баҳсларида ФарДУ жамоаси “Жарқўрғон” клубига қарши тўп сурди ва чиройли ўйин кўрсатиб, 3:2 ҳисобида ғалабага эришди.

Жамоа сафида голларга Муҳаммадқодир Аҳмаджонов (1 та) Отабек Зокиров (2 та) муаллифлик қилди. Мазкур натижа орқали жамоа Биринчи лига йўлланмасини қўлга киритди.

Кўриш мумкинки, тез фурсатларда ФарДУ футбол клуби ЎзПФЛ таснифида ўтадиган профессионал футбол чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Албатта, бу хушхабар Фарғона давлат университети жамоаси ва талаба-ёшлари учун қувончли янгилик бўлди. Чунки икки юзга яқин олий таълим муассасалари ичида ФарДУ футбол жамоасининг Биринчи лига йўлланмасига эга чиқиши муҳим тарихий воқелик бўлди.

Эътиборлиси, турнир якунида ФарДУ жамоаси бош мураббийи Сергей Лебедов “Энг яхши мураббий”, Муҳаммадқодир Аҳмаджонов “Энг яхши ҳимоячи”, Нозимжон Бобожонов “Энг яхши ярим ҳимоячи” номинациялари бўйича ғолиб, деб топилди.

Айтиш керакки, моҳирлик билан катта майдон сари илдам бораётган бу спорт клуби ўзбек футболида янги умид сифатида мухлислар кўз ўнгида реал намоён бўлмоқда. Жамоанинг мақсадлари эса жуда юқори, шунга яраша меҳнат қилинмоқда.

Фарғона давлат университети футбол жамоаси мисолида кўриш мумкинки, мамлакатда ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш, албатта, ўз самарасини беради.

Фаррух СИДДИҚОВ,

ФарДУ спорт клуби раиси ўринбосари.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?