Фаол ва ташаббускор аёллар сафи кенгаяди

18:13 06 Январь 2026 Жамият
335 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида инсон манфаатлари ва халқ фаровонлиги давлат сиёсатининг устувор йўналиши экани яна бир бор таъкидланди. Шу жиҳатдан айтиш жоизки, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя амалий сиёсат даражасига кўтарилди. Бу ғоя фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Мурожаатноманинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Давлат раҳбари томонидан хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, аёллар бизнесини ривожлантириш, уларни молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар илгари сурилди. Бу ташаббуслар аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали жамиятда фаол, ташаббускор ва ўз кучига ишонадиган хотин-қизлар сафини кенгайтириш мақсад қилинган.

Президентимиз соғлом ва мустаҳкам оила жамият барқарорлигининг асоси эканини таъкидлади. Аёлларнинг оиладаги нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва оилавий муносабатларда адолатни таъминлаш масалалари давлат сиёсати даражасида кўриб чиқилмоқда.

Мурожаатда белгиланган вазифалар хотин-қизларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этишига, уларнинг салоҳияти ва имкониятларини тўлиқ намоён этишига хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, ижтимоий тотувлик ва фаровонликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Хотин-қизлар фаоли сифатида Президентимиз томонидан билдирилган юксак ишончни оқлаш, белгиланган вазифаларни амалда ҳаётга татбиқ этиш, ҳар бир аёлнинг билимли, фаол, ташаббускор ва мустақил бўлишига кўмаклашишни ўзим учун муҳим ва шарафли бурч деб биламан. Президентимизнинг ушбу Мурожаатномаси бизни янада катта масъулият, фидойилик ва ватанпарварлик руҳида ишлашга ундайди.

Шоҳсанам РАҲИМОВА,

Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Янги Себзор МФЙ хотин-қизлар фаоли.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер