ФАО раҳбари Виорел Гуцу Самарқанд иқлим форумида сув хавфсизлиги масалаларида минтақавий ҳамкорликни муҳимлигини таъкидлади

18:21 06 Апрель 2025 Сиёсат
214 0

Маълумки, Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё глобал иқлим муаммолари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида бирлашиш» мавзусидаги нуфузли Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтди. Тадбир Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши, сув ресурслари бошқаруви ва экологик барқарорлик масалаларига бағишланди.

Марказий Осиё минтақасида сўнгги 70 йил давомида ўртача ҳарорат 1,5–2 даражага кўтарилган. Орол денгизи фожиаси эса глобал экологик инқирознинг рамзига айланган. Форум доирасида ташкил этилган экспертлар мунозаралари, ялпи мажлислар ва сиёсий мулоқотларда иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини камайтириш, қайта тикланадиган энергетика, сув ресурсларини комплекс бошқариш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва барқарор шаҳар тараққиёти каби муҳим йўналишлар муҳокама қилинди.

«Сув ресурсларини уйғунлашган бошқаруви» ялпи мажлиси

«Иқлим ўзгариши шароитида Марказий Осиёда сув ресурсларини уйғунлашган бошқаруви» мавзусидаги ялпи мажлиси форум доирасидаги энг муҳим тадбирлардан бири бўлди. Халқаро сув ресурслари бошқаруви институти минтақавий вакили Барбара Януш-Павлетта модераторлигида ўтган мажлисда аввал Марказий Осиё давлатларининг сув хўжалиги вазирлари миллий устувор йўналишлар ва минтақавий ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маърузалар қилдилар, сўнгра нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ўз фикрларини билдиришди.

Сессиянинг иккинчи қисмида юқори даражадаги халқаро ташкилотлар вакиллари Марказий Осиё минтақасидаги иқлим ўзгаришига қарши кураш ва сув ресурслари бошқаруви бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, илғор тажрибалар, инновацион шериклик ва сув соҳасига иқлим инвестицияларини жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича Бош директори ўринбосари ва минтақавий вакили Виорел Гуцу ялпи мажлисда сўзга чиқиб, Марказий Осиёда сув хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратди.

“Сув хавфсизлиги озиқ-овқат хавфсизлигининг пойдеворидир. Етарли ва хавфсиз сувларсиз биз агро-озиқ-овқат тизимларини сақлаш, инсон саломатлигини ҳимоя қилиш ёки иқтисодий фаровонликни таъминлаш имконига эга эмасмиз. Айни пайтда Марказий Осиёдаги бир қатор мамлакатларда сув истеъмоли суръатлари қайта тикланиш суръатларидан ошиб кетган, эскирган инфратузилма туфайли суғориш пайтидаги йўқотишлар 60 фоизгача етиши мумкин. Иқлим ўзгариши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Натижада 2050 йилга келиб, экинлар ҳосилдорлиги 30 фоизгача пасайиши мумкин, сел ва қурғоқчилик аллақачон минтақага миллиардлаб зарар етказмоқда”, — дейди ФАО раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу муаммоларни ҳал қилишда минтақавий ҳамкорликнинг муҳим.

Шу боис ФАО ҳукуматлар ва ҳамкорлар билан сувни тежайдиган суғориш тизимлари ва иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, ҳақиқий ҳолатни ҳисобга олган қарорлар қабул қилиш учун сифатли маълумотлар алмашиш ва шаффоф ахборот тизимларини ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурсларини адолатли ва барқарор бошқаришни кучайтириш, сунъий музликлар ва ер ости сувларини тўлдириш каби сув танқислигига қарши курашишга ёрдам берадиган амалиётларга асосланган ечимларни ривожлантириш йўналишларида фаол иш олиб бормоқда:

“Бизга жасоратли етакчилик ва барқарор инвестициялар керак. Сув инқирози чегараларни тан олмайди, бизнинг ечимларимиз ҳам шундай бўлиши керак” — деди В. Гуцу ўз нутқида.

Форум иштирокчилари томонидан берилган саволларга жавоб берар экан, ФАО раҳбари барқарор сув бошқаруви фақат инфратузилма эмас, балки одамлар ҳақида ҳам эканлигини таъкидлади.

“Агар биз узоқ муддатли ечимларни истасак, сувга энг кўп таянадиган фермерлар, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлашимиз зарур”, — деди у.

В. Гуцу ўз сўзида ФАО Марказий Осиё мамлакатларини қурғоқчиликка чидамли экинлар, самарали суғориш ва ресурсларни тежовчи қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий этишда қандай қўллаб-қувватлаётганини батафсил тушунтирди. Унинг айтишича, бу ер остидан суғориш, «ноль» ишлов бериш ва мулчалаш каби усулларни қўллашни англатади, булар тупроқни ҳимоя қилиш ва сув йўқотишларини камайтириш учун муҳим аҳамиятга эга.

“Аммо технологияларнинг ўзи етарли эмас – кичик фермерларни ушбу инновацияларни қабул қила олишлари учун ўқитиш ва салоҳиятни ошириш ҳам зарур”, — дея таъкидлади у.

В. Гуцу, шунингдек, жамоавий сув бошқарувини кучайтириш зарурлиги ҳақида ҳам тўхталиб, ҳозирда кўплаб ҳудудларда маҳаллий жамоалар сувнинг қандай тақсимланиши ҳақида овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслигини қайд этди. Унинг фикрича, сувдан фойдаланувчилар уюшмалари ва фермерлар раҳбарлигидаги қарор қабул қилиш платформаларини яратиш адолатлироқ тақсимотни таъминлаши мумкин.

Форум якунида Марказий Осиё давлатлари вазирлари “Марказий Осиёда сув ва ер ресурслари бўйича ўзаро алоқалар дастури” лойиҳаси бўйича баёнотни имзоладилар. Бу дастур минтақада сув хавфсизлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?