“Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси”: назария ва амалиёт уйғунлиги

01:41 06 Май 2025 Жамият
348 0

Бугунги кунда мамлакатимизда инновацион иқтисодиётни барпо этишнинг бозор механизмлари кенг жорий этилмоқда. Мана шундай бир шароитда фан, таълим ва ишлаб чиқариш амалиёти ўртасидаги узвий алоқани мустаҳкамлаш масаласи жуда долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, маркетинг, бухгалтерия ҳисоби, аудит ҳамда менежмент каби соҳаларда юз бераётган ўзгаришлар назарий билимларни амалиёт билан янада кенгроқ уйғунлаштиришни тақозо этмоқда.

Шу маънода, “Халқ сўзи” газетаси таҳририятида Бош муҳаррир Ўткир Раҳматов, Бош муҳаррирнинг иқтисодий ва маркетинг масалалари бўйича ўринбосари, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Акрам Ҳошимов ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди.

“Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси: “Бухгалтерия ҳисоби ва Аудит соҳасидаги  янгиликлар ва янгича ёндашувлар” мавзуига бағишланган мазкур тадбир айни шу масалада ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда фикр алмашиш учун муҳим платформа вазифасини бажарди.

Тадбир давомида ТДИУ “Аудит” кафедраси профессор-ўқитувчилари таҳририят фаолиятини иқтисодий ва молиявий жиҳатдан тартибга солиниши ҳамда замонавий маркетинг ва аудит жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Мулоқотда иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Акрам Ҳошимов меҳмонларга таҳририятнинг молиявий-бошқарув тизими, маркетинг ва бухгалтерия ҳисобини юритишдаги замонавий ёндашувлар, электрон аудит воситаларидан фойдаланиш амалиёти ҳақида батафсил маълумот берди.

Жумладан, у таҳририятда юқори илмий салоҳият шаклланганлиги яъни бир нафар иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) ва тўрт нафар иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) фаолият юритаётганлиги, ички молиявий назорат тизими, сарф-харажатларни режалаштириш ва прогнозлаштириш, уларни таҳлил қилиш, маркетинг тадқиқотлари асосида мақсадли аудиторияни аниқлаш ва ушбу жиҳатларнинг халқаро амалиётда қўлланилаётган услублари, ҳисоб сиёсатини ва бозор конъюнктураси асосида баҳо сиёсатини шакллантириш каби муҳим жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўқув-семинарда таъкидланганидек, ҳозирги босқичда ҳисоб тизимини ташкил этиш ва юритишда амалдаги миллий қонунчиликка тўла мувофиқлик муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, мувофиқлик аудитининг самарадорлиги нафақат ташкилотнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, балки кенг жамоатчилик ишончи ва фаоллигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ўтказилган ўқув-семинарида Тошкент давлат иқтисодиёт университети вакиллари ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, ТДИУнинг “Аудит” кафедраси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Баҳодир Ҳасанов “Молиявий бошқарув тизими, мувофиқлик аудити ва назорат тизими” мавзуида маъруза қилиб, назария ҳамда амалиёт уйғунлиги нафақат таълимда, балки амалиётчи мутахассислар фаолиятида ҳам асосий мезонга айланганини таъкидлади. Профессор ўз сўзида “Халқ сўзи” газетасининг молиявий бошқарув тизими тажрибасини ўрганиш ва уни янада такомиллаштириш орқали талабалар учун амалий кейслар ишлаб чиқиш имконияти яратилаётганини алоҳида қайд этди.

Шу билан бирга, таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, таълим дастурларини амалиётга яқинлаштириш, талабаларни амалиёт асосида тайёрлаш, инновацион ёндашувларни ўқув жараёнига татбиқ этиш зарурлиги таъкидланди. Бу каби яқин ҳамкорликлар иқтисодий таълим мазмунини бойитиш, илмий тадқиқотларни амалий ечимлар билан бойитиш ҳамда талабаларнинг меҳнат бозорида рақобатбардош кадр сифатида етишиб чиқишига хизмат қилади.

Шу тариқа, мазкур семинар нафақат назарий ва амалий билимларни чуқурлаштиришга, балки таҳририят ҳамда олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди. Қолаверса, бу каби ташаббуслар ёш мутахассислар тайёрлаш, илмий ва амалий тадқиқотларни чуқурлаштириш, шунингдек, замонавий иқтисодий билимлар тарғиботида муҳим аҳамият касб этади.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?