Фаластин давлати бўлмайди деган ваъдамизни бажарамиз — Нетаньяху

12:57 12 Сентябр 2025 Дунё
141 0

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғарбий соҳилда келажакда Фаластин давлатини ташкил қилишни деярли имконсиз қиладиган янги турар-жойлар қуриш режасини маъқуллади. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.

Унда айтилишича, кеча, 11 сентябрь куни Исроил ҳукумати босиб олинган Ғарбий соҳилни иккига бўлиб юборадиган лойиҳани давом эттириш бўйича якуний қарорга келган.

«Биз Фаластин давлати бўлмайди деган ваъдамизни бажарамиз. Бу ҳудудлар бизга тегишли. Шаҳар аҳолисини икки бараварга оширишни режалаштиряпмиз», — дейди Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху.

Маълум қилинишича, Қуддусдан шарқда жойлашган ҳудудларда «Э1» номли 12 квадрат километр ер майдонида 3 минг 400 та янги уй қуриш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа Ғарбий соҳилни Шарқий Қуддусдан узиб қўяди ва минтақадаги исроиллик аҳоли пунктларини бир-бири билан боғлайди.

Таъкидланишича, 1967 йилдан буён босиб олинган Ғарбий соҳилдаги барча исроилликларга тегишли турар-жойлар халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний ҳисобланади.

Исроил ҳукуматининг фаластинликлар учун муҳим аҳамият касб этадиган Шарқий Қуддус ҳудудида турар-жой бинолари қуриш режаси Фаластин давлати келажагини сўроқ остида қолдиради.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби Набил Абу Рудейне Шарқий Қуддус ҳудудлари Фаластин давлати учун тинчлик калити эканини айтган.

«Исроилнинг Шарқий Қуддусда турар-жой барпо қилиш сиёсати халқаро ҳуқуққа зид. Бу ҳаракат бутун минтақани чуқур инқирозга бошлайди. Фаластин ҳамда Исроил ўртасидаги зиддият Нетаньяхунинг ҳаракатларига қарамай ечим топишига ишонаман», — деган Абу Рудейне.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?