Эзгу ташаббуслардан маҳалла аҳли мамнун

17:22 18 Март 2025 Жамият
212 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган бу йилги яшариш ва янгиланиш айёми саховатли тадбиркорларимизни ёрдамга муҳтож оилаларга мурувват кўрсатишга рағбатлантираётгани эътиборга сазовордир.

Олтиариқ туманининг «Қаҳрамон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган тадбиркор Шерзодбек Бекмуродов яқинда ўз маблағи ҳисобидан маҳаллага 600 метр масофада ички йўл қуриб берди. Бундай қулайлик натижасида узоғи яқин бўлган маҳалладошлар Наврўзни янги йўл қувончи билан кутиб олмоқда.

Тадбиркор Ш. Бекмуродов қарийб 400 миллион сўм маблағ сарфлаб, маҳалладошлари учун тоза ичимлик суви ҳам чиқарди. Бугунги кунда ҳудуддаги 250 хонадон шу сувдан дамланган кўк чой билан Наврўз дастурхонини безамоқда.

— Саховатпеша тадбиркорларимиз ташаббуси билан якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган маҳалладошимизга янги уй қуриб берилди, — дейди «Қаҳрамон» МФЙ раиси Дилмуроджон Орифжонов. — Шу тариқа у Наврўз байрамини янги уйда қўшалоқ шодиёна сифатида нишонлаётир.

Айни кунларда Рамазон ойи ва Наврўзи олам фазилатларидан руҳланган маҳалладошлар навбатдаги хайрли ишга қўл уриб, яна бир эҳтиёжманд оила учун ҳашар йўли билан уй қуриб бериш ишларини якунига етказишмоқда. Маҳалла раисининг айтишича, ушбу хонадондаги қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳайит айёмигача якунлаш мақсад қилинган.

Демак, Наврўз шукуҳи ва ҳайит шодиёналари давом этадиган кунларда яна бир оиланинг нафақат яшаш хонадони, балки кўнгил уйи ҳам обод бўлади!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?